"Катта йўл ёқасида яшаш мия фаолиятини заифлаштиради"

Тирбанд йўл Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Lancet тиббиёт журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, тирбанд машина йўли ёқасида яшовчилар орасида қариликда кузатиладиган деменция касаллиги кўпроқ учрар экан.

Кузатувлар шуни кўрсатганки, машиналар қатнови кўп бўлган йўлдан 50 метр масофада яшовчиларда қайд этилган деменция ҳолатларининг 11 фоизи айнан ана шу омил туфайли бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар Канадада катта йўл ёқасида яшовчи 2 миллион кишини 11 йил мобайнида кузатганлар. Уларнинг айтишларича, ҳавонинг ифлосланиши ва шовқин ақлий фаолиятнинг пасайишига олиб келувчи омил бўлиши мумкин.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб 50 миллион киши деменция билан яшамоқда.

Лекин шу вақтгача қариликда хотира ва мия фаолиятининг заифлашишига нима сабаб бўлиши аниқланмаган.

2001-2012 йиллар оралиғида ўтказилган тадқиқотда катта йўллар ёқасида яшовчилар орасида деменция нисбатан кўпроқ юз бергани аниқланган.

Канаданинг Онтарио шаҳри Соғлиқни сақлаш тизимидан доктор Хонг Ченнинг айтишича, аҳоли сонининг ўсиши ва урбанизация туфайли тобра кўпроқ инсонлар катта йўлларга яқин ерда яшашга мажбур бўлмоқдалар.

"Лекин машина қатновининг таъсири, хусусан ҳавонинг ифлосланиши ва шовқиннинг инсонга таъсирини тушуниш учун ҳали кўп тадқиқотлар олиб бориш керак", - деди доктор Чен.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар туфайли жаҳонда йилига 3 миллион киши оламдан кўз юмади.

Ҳавонинг ифлосланиши шу вақтгача юрак ҳасталиклари, мияга қон қуйилиши, ўпка ва нафас йўллари касалликларига олиб келиши айтилган. Лекин деменция бу рўйхатга қўшилиши керакми, йўқлиги ноаниқ.

Жорий тадқиқот бу икки омил ўртасида боғлиқлик борлигига ишора этади, аммо аниқ исботламайди.

Шу вақтгача деменция келиб чиқишига таъсир қилувчи омиллар орасида қарилик, ирсий мерос, қанд диабети, чекиш, носоғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг камлиги кўрсатиб келинади.

Британиянинг Нотингем Университетидан профессор Том Денингнинг айтишича, тадқиқот натижалари "зиддиятли, лекин қизиқарлидир".

"Мия фаолиятининг заифлашишига машиналардан чиқадиган ифлосланган ҳаво таъсир қилиши ва вақт ўтиши билан деменцияга олиб келиши мумкинлиги ғояси асослига ўхшаб кўринади. Ҳаво ўта ифлосланган шароитда яшаш албатта нохуш вазият ва ҳеч кимнинг соғлиги учун яхши бўлмаса керак".

Ҳозирча деменциянинг олдини олиш учун берилаётган энг яхши маслаҳат чекишни ташлаш, жисмоний машқ билан шуғулланиш ва соғлом овқатланишдир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.