Измирдаги Ислом Каримов кўчасида портлаш ва отишма

Туркиянинг Измир шаҳридаги маҳкама биноси олдида юз берган портлаш ва отишмада икки ҳужумчи, бир полициячи ва бир маҳкама ходими ҳалок бўлган.

Хабарларга кўра, Ислом Каримов кўчаси бўйлаб машинада келган қуролли шахслар маҳкама биносига киришга уринган, ўт очган ва машинани портлатган.

Турк расмийлари ҳужумда курд бўлгинчиларини айблаганлар.

Ҳужумчилардан бирининг ҳодиса жойидан яширинишга муваффақ бўлгани айтилади.

Портлашда камида 10 киши жароҳатлангани айтилади.

Суратларда ёнаётган икки машина ва қурол кўтарган бир киши акс этади. Хабарларга кўра, учинчи ҳужумчи қидирилмоқда.

Измир ҳокими Эрол Аййилдизнинг айтишича, ҳужумчилар Калашников автоматлари ва гранаталар билан қуролланган бўлган.

Туркия Бош вазирининг ўринбосари Вейси Кайнакка кўра, қуролли шахслар каттароқ ҳужумни режалашган эди.

"Қўлга киритилган қурол-аслаҳалар каттароқ миқёсдаги ҳужумнинг режаланганини кўрсатмоқда",- деб айтган турк ҳукумати расмийси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳужум ортида ким тургани аниқ эмас

Ҳозирга қадар портлаш учун масъулиятни ҳеч ким зиммасига олмаган.

Сўнгги ойларда Туркиянинг йирик шаҳарлари қуролли ҳужум ва портлашларга саҳна бўлган.

Янги йил кечаси Истанбулдаги тунги клубда юз берган ҳужум 39 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган.

Ҳужум билан алоқадорликда турк полицияси Измирда ҳам рейдлар ўтказгани хабар қилинади.

Аммо Измирдаги ҳужумнинг бу рейдларга алоқаси бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар