Ассад Ҳалаб бомбардимонини ёқлади

Вайрон этилган Ҳалаб Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Деярли 6 йиллик уруш оқибатида Ҳалаб шарқи вайрон этилган

Сурия президенти Башар ал Ассад Ҳалаб шарқининг бомбардимон қилишини ёқлаган.

Ўтган ой Сурия ҳукумати Ҳалаб устидан тўла назоратни қўлга олган, исёнкор гуруҳлар шаҳарни ташлаб чиқишганди.

Франция матбуоти билан суҳбатда Ассад " алал-оқибат шаҳар террорчилардан тозаланди", деб айтган.

БМТга кўра, Сурия ҳукумати ва унинг иттифоқчилари томонидан Ҳалабнинг тинч аҳоли яшаган минтақаларини бомбардимон қилиниши уруш жиноятларига тенг бўлиши мумкин.

Сурия ҳукумати исёнкор гуруҳларни бомбалаш кампаниясига 2015 йилда Россия ҳам қўшилган эди.

Туркия билан Россия Сурияда анчайин қалтис саналган оташкесим жорий этилишига кўмаклашганди.

Бу икки мамлакат дохил Эрон Сурия ҳукумати ва исёнкорларни шу ой охирларида Қозоғистон пойтахти Остонада тинчлик музокараларига қатнашиш учун босим кўрсатишмоқда.

Суриядаги Инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази Ҳалабдаги беш йиллик жанглар оқибатида камида 21500 киши қурбон бўлганини тахмин қилади.

Франция матбуоти билан суҳбатда Ассад Ҳалабнинг вайронага айланиши ва тинч аҳолининг қурбон бўлишини "оғриқли", деб таърифлаган.

"Ҳар қандай уруш ёмондир", деб айтган Сурия президенти.

" Аммо тинч аҳолини исёнкорларга қўйиб берайликми? Улар зулм қилсинми? Ўлдирсинларми? Бошларини таналаридан жудо қилсинми", деб қўшимча қилган Ассад.

Бундан уч ҳафта аввал исёнкорлар Ҳалабни қақшатқич бомбардимонлар туфайли ташлаб чиқишган.

Икки томон ўртасидаги келишувга биноан Ҳалабдаги исёнкорлар мамлакат шимолидаги бошқа мухолиф гуруҳлар назорати остидаги ҳудудларга йўл олишган.

Ҳалабнинг бой берилиши мамлакат мухолифати ва исёнкорлар учун йирик мағлубият сифатида кўрилади.

Ассадга кўра, Сурия ҳукуматининг бу муваффақияти " тўла ғалабага элтувчи йўлдир".

Остонадаги учрашув таклифига муносабат билдирар экан, Ассад "биз ҳар масалани музокара этишга тайёрмиз", деб айтган.

"Ким бўлади бошқа томондан? Буни билмаймиз. Ҳақиқий Сурия мухолифати бўладими", деб сўраган Ассад.

Айни саволлар билан у Саудия Арабистони, Франция ва Буюк Британия қўллаб келган исёнкор гуруҳларни рад этишига ишора қилган.

Остонадаги музокараларда Сурия мухолифатидан ким ва қайси гуруҳ қатнашиши ҳали маълум эмас.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг