Россия: "АҚШ айбловларидан чарчадик"

Дмитрий Песков Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россия расмийларининг айтишларича, АҚШнинг "президентлик сайловига таъсир кўрсатиш учун Россия ҳакерлик ҳужумига қўл урганлиги" ҳақидаги айбловлар "балогардон қидириш" амалига ўхшайди.

Кремл матбоут котиби Дмитрий Песковга кўра, "Москва бу каби айбловлардан чарчаган".

Унинг даъво қилишича, АҚШ жосуслик хизмати томонидан ҳакерлик ҳужуми юзасидан чиқарилган хулосалар асоссиздир.

Бу россия расмий доираларининг ҳисобот чиқарилган ўтган жума кунидан бери илк муносабатидир.

Оммага ошкор этилган ҳисоботда айтилишича, Россия президенти Владимир Путин Америкадаги сайловлар натижаларига дахл қилиш мақсадида Доналд Трампнинг Демократлар партиясидан рақиби Ҳиллари Клинтон электрон мактублари тизимига ҳужум қилишга шахсан буйруқ берган.

Жаноб Песковнинг айтишича, Москва ҳар қандай ҳакерлик ҳужумига алоқаси борлигини қатъиян рад этади.

"Ҳеч қандай далилларга эга бўлмаган асоссиз айбловлар аввалдан тайёрланган ҳавоскарлик йўлида, мутлақао нопрофессионал равишда тақдим этилган. Улар қандай маълумотларга асосланаётганини ҳам билмаймиз", деган жаноб Песков.

АҚШ томонидан чиқарилган ҳисоботнинг асосий нуқталари:

  • "АҚШдаги демократик жараёнларга омма ишончини йўқотиш ва Ҳиллари Клинтон обрўсини тўкиш мақсадида" Кремл "сайловларда жаноб Трамп ғолиб чиқиши тарафдори бўлган".
  • Россия ҳарбий жосуслик хизмати Демократлар Миллий Қўмитаси ва партиянинг етакчи аъзолари электон мактуб тизимига ҳакерлик орқали кириб борган.
  • Улар WikiLeaks, DCLeaks.com and Guccifer 2.0 кабилар воситасида қўлга киритган маълумотларини ошкор қилганлар
  • Улар шунингдек, давлат назорати остидаги тарғибот тизимидан фойдаланганлар ва Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ёки "троллар"га ҳақ тўлаб "ҳақорат кампанияси"ни олиб боришган.

Сайловлар натижаларига таъсир бўлмаган

Жаноб Трамп ўтган ҳафта New York Times рўзномасига берган интервюсида ҳакерлик айбловларини рад этиш учун "балогардонларни излаш" иборасини қўллаганди.

У бу айбловларни ўтган ноябр ойида сайловларда ғалабага эришган вақтидан бери рад этиб келмоқда.

Лекин жаноб Трамп девонининг янги тайинланган раҳбарининг Fox News Sundayга айтишича, Доналд Трамп жума куни унга тақдим этилган ҳисобот хулосаларини тан олган.

Жаноб Тармп ўзининг жума кунги Миллий Жосуслик Хизмати раҳбари Жеймс Клаппер ва Марказий Жосуслик Хизмати раҳбари Жон Бреннан, шунингдек, Федерал Қидлирув Хизмати раҳбари Жеймс Комейлар билан учрашувини "конструктив" дея таърифлаб, президентликка киришган вақтидан 90 кун мобайнида ҳакерлик ҳужумларини қандай қилиб тўхтатиш режасини ишлаб чиқишни сўраши ҳақида айтган.

Лекин АҚШнинг янги сайланган президенти Россияни алоҳида айбламаган ва "қатор мамлакатлар, гуруҳлар ва шахслар ҳукумат идоралари, бизнеслар, жумладан Демократик Миллий Қўмита дохил ташкилотларга мутассил равишда дахл қилишга уринмоқдалар", деб айтган.

Президент сифатида қасамёд этишига қадар 2 ҳафта қолар экан жаноб Трамп ҳакерлик ҳужумларига нисбатан жавобий чоралар ишлаб чиқиш босими остидадир.

Президент Обама аллақачон чора сифатида 35 нафар Россия дипломатини мамлакатдан чиқариб юборган. Лекин Россия бу каби амалга бормаслигини билдирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг