‘Жиҳодий урушлар – ҳалокатли телбалик’

Рим Папаси Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Фундаменталистлардан илҳомланиб", бутун дунё бўйлаб сўнгги пайтларда содир этилаётган ҳужумларни тилга оларкан, бундай баҳони Рим Папаси Франциск берган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Ватиканда чиқиш қилган Рим Папаси, ўз ўрнида, барча дин пешволарига мурожаат қилган, улардан "ҳеч ким ҳеч қачон Худонинг номи билан одам ўлдира олмаслиги"ни яна бир бор таъкидлашларини сўраган.

Папа ҳазратлари, бундан ташқари, қашшоқлик - радикаллашувнинг энг асосий манбаларидан бири экани билан ҳам огоҳлантирган.

Биргина ўтган йилнинг ўзида эса, Европа, Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва Америкада содир этилган жиҳодий ҳужумлар кўплаб бегуноҳ инсонларнинг умрларига зомин бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, Рим Папасининг сўзларига таянилса, "фундаментализм ва терорчилик - ҳам маънан ва ҳам моддиян чуқур қашшоқликнинг маҳсули бўлади".

Папа ҳазратларига кўра, "диний ва сиёсий лидерлар бир ёқадан бош чиқаришмас экан, бу балони мутлақ даф этиб бўлмайди".

Ўтган йили Франция ва Бельгия саҳна бўлган устма-уст қонли ҳужумлар ҳам Рим Папасининг хос эътиборидан четда қолмаган.

Ўшанда Папа Франциск, "Европадаги жиҳодий ҳужумлар дунё урушлар гирдобида эканининг исботи", - дея баён қилган.

Рим Папаси ўз сўзлари билан "динлараро" эмас, балки-да, "манфаатлар ва бойлик учун" бўлган курашни назарда тутганлигини таъкидлаганди.

Ватиканда дипломатлар қаршисида қилган чиқишида Рим Папаси яна дунё бугун тўқнаш келиб турган қатор хавфлар билан ҳам огоҳлантирган:

  • Шимолий Кореянинг баллистик ракеталари синовига оид таҳдидлари "алоҳида ташвишга лойиқ масала" экани ва бу "янги ядровий қурол-яроғ пойгаси"ни келтириб чиқариши мумкинлигини айтган.
  • Европа ўзининг тарихида "ҳал қилувчи паллада" эканини урғулаб, "Европа ғояси" янгича гуманизм тамойилига таяниши лозимлигини таъкидлаган.
  • Исроил ва Фаластин ўртасида тўхтаб қолган тинчлик музокараларини қайта жонлантириш кераклигини айтган.
  • Қуролли низолар ичидаги қатор Африка давлатларида ҳам сулҳу мадора жараёнига зўр берилиши шартлигини баён қилган.
  • 2015 йилда Парижда қабул қилинган халқаро шартномани назарда тутиб, теварак-муҳит, албатта, муҳофаза қилиниши кераклигини уқтирган.

Рим Папаси ўтган йил якунида Марказий Африка Республикасига сафари чоғида "насронийлар ва мусулмонлар" ака-ука, опа-сингил каби яқинлигини урғулаган.

Бу ҳақда у қарийб уч йил мобайнида мусулмонлар насронийлар билан динлараро хунрезликлардан паноҳ топиб келган Бангуйдаги масжидда баён қилган.

2013 йил Рим Папаси этиб сайланган Франциск ҳазратлари Ватиканда қилган илк чиқишида нафақат насронийлар, балки бутун дунё халқларини ҳимоя этишга чақирган.

Папа Франциск ўз куч-қудратини бошқалар, айниқса, йўқсиллар ва ожизлар хизматига сарфлашини баён қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг