‘Россия тажовузига қарши сафарбарлик’

АҚШ ҳарбийлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Пайшанба кунидан бошлаб Американинг танклари, зирхли машиналари ва 3000 дан ортиқ ҳарбийси Польшага етиб келишни бошлайди.

Америка Қўшма Штатларининг ўз вазифасини топшираётган демократчи президенти Барак Обама шу йўл билан "тобора тажовузкор бўлиб бораётган Россия"дан ташвишда бўлган НАТОдаги иттифоқчиларининг кўнгилларини тинчитмоқчи.

Аммо, бошқа томондан, бу сафарбарлик расмий Москва билан ўзаро алоқаларини яхшилаш истагида эканига ишора қилган республикачи номзод Дональд Трампнинг АҚШ президенти этиб расман қасамёдга келтирилишига саноқли кунлар қолган бир манзарада кузатилмоқда.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу яқин ўн йилликларда Америка ҳарбийларининг Оврўпога бу қадар катта сондаги сафарбарликлари кузатилмаган.

Америка Қўшма Штатларининг 80 дан жанговар танклари ва юзлаб зирхли уловлари аллақачон Германияга етиб келган ҳамда ўз йўлларини Шарқий Европага қараб солиб ҳам бўлишган.

Буларнинг барчасидан ташқари, Американинг Қуролли бўлинмаси Болтиқбўйида ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Американинг НАТОдаги иттифоқчилари Украинадаги "иштироки" ортидан Россиянинг "тажовузидан" қўрқиб қолишган.

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, Америка Қўшма Штатлари Шарқий Европадаги ҳарбийларини ҳар 9 ойда алмаштириб турмоқчи.

Аммо республикачи Дональд Трампнинг президент этиб сайланиши бу жараён давомийлигини савол остига ҳам олмай қўймайди, дейди Польшада бўлган мухбиримиз.

Бугун кечга яқин АҚШ Сенати янги президентнинг Мудофаа вазирлигига кўзлаган номзоди генерал Жеймс Мэттис борасида ўзининг якуний сўзини айтиши керак бўлади.

Янги АҚШ маъмурияти Россияга нисбатан сиёсатининг қандай бўлиши эса, Сенатдаги аксариятни қизиқтириши тайин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг