Суриялик қочқин Facebook ни судга берди

Суриялик қочқин Фото муаллифлик ҳуқуқи ANAS MODAMANI

Ангела Меркел билан сэлфига тушган суриялик муҳожир ўзининг гўёки террорчиликка алоқадорлиги ҳақидаги сохта маълумотлар учун Фейсбукни судга берди.

Фейсбук охирги вақтда ўз саҳифаларида сохта хабарларнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича катта босим остида қолмоқда.

Германияда муҳожирлар ва қочқинларга қарши сохта хабарлар ижтимоий тармоқларда бир неча марта тарқатилди.

19 ёшли Анас Модаманий ана шундай сохта хабарларнинг нишонига айланганлардан биридир.

Анас илк марта 2015 йил сентябрида Ангела Меркел Берлинда қочқинлар яшаётган марказга ташриф буюрганида жамоатчилик назарига тушганди.

У фурсатдан фойдаланиб Германия канцлери билан сэлфига тушиб олганди.

Сэлфидан бир ой аввал Анас Суриянинг Дарая шаҳридаги жанглардан қочиб, Туркия, Греция ва Сербияни кесиб ўтиб Берлинга келган эди.

Лекин, ана шу сэлфи уни нишонга айлантирди.

"Аввалига менинг суратларимни Брюсселлик ҳужумчилардан бири дея интернетда тарқатишди", - дейди у Би-би-сига.

"Шу хабарлар тарқала бошлаганида, мен Мюнхендаги дўстларимнинг уйида меҳмонда эдим. Баъзи дўстларим кўчага чиқмасликни маслаҳат беришди. Бошқалари эса полицияга бориб ўзим ҳақимда айтилаётган гаплардан шикоят қилиш кераклигини айтишди".

"Лекин, мен бу нарсалар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади деб умид қилгандим".

Қанчадир муддатга шундай бўлди ҳам.

Аммо

Берлиндаги Рождество бозорига юк машинаси билан қилинган ҳужум ва айни шаҳарда етти мигрант уйсиз одамни уриб ўлдириб қўйишига оз қолиши ортидан Анаснинг суратлари яна тарқала бошлади.

"Мен Фейсбукдаги ҳисобимни ёпиб ташлагандим, лекин менга Германияда мезбонлик қилаётган аёл суратларим яна тарқалганини айтди".

"Бу нарсалар яна юз бера бошлагани жонимга тегди, шундай экан, адвокатни жалб қилишга киришдим", - дейди у.

Анаснинг адвокати - Чан-жо Юн.

Чан-жо Юн ўтган йил ноябрида қилган шикоятига биноан, Германия қонунларига хилоф равишда Марк Цукерберг ва Фейсбук ирқчи ёзувларни ўчириб ташламагани тергов очилишига сабаб бўлганди.

"Фейсбук сохта хабарлар бобида жуда ёмон ишлаяпти", - дейди у Би-би-сига.

"Айниқса ноқонуний сохта хабарлар бобида ёмон ишлаяпти".

"Барча сохта хабарлар ҳам ноқонуний эмас, лекин агар улар туҳмат мазмунида бўлса, Фейсбук уларни ўчириши шарт", - дейди у.

Чан-жо Юн "Фейсбук суриялик қочқин Анас Модаманийнинг суратини туҳмат мазмунида террорчи ҳужумларга боғлиқликда чоп қилиши"га қарши суд ҳукмини талаб қиляпти.

Фейсбукнинг воизи қуйидагича муносабат билдирди: "Биз платформамиздаги муайян маълумот жаноб Модаманийнинг шахсига путур етказиши даъво қилинган мактубни жаноб Юндан қабул қилиб олдик".

"У маълумотлар зудлик билан ўчирилган, шундай экан, суд ҳукмига ҳожат йўқ", - дейди воиз.

Аммо, жаноб Юннинг ишонишича, Модаманийни террорчи ҳужумларга боғлайдиган барча маълумотлар ўчирилмаган ва баъзилари ҳали ҳам Фейсбук саҳифаларида қоляпти".

Суд иши 6 февралда Вурцбург шаҳрида бўлиб ўтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг