Ироқ урушида туғилган севги

Image caption Бту Алламий (чапда) ва Найиф Ҳребид Ироқ уруши пайти, Рамадида учрашишган

Ироқлик аскар Бту Алламий ва АҚШ ҳарбийлари таржимони Найиф Ҳребид Ироқ урушининг энг кескин палласида бир-бирларини севиб қолишади.

Бироқ бирга бўлишлари учун 12 йил кетди.

Чунки Ироқда гей жуфтликларни жамият тан олмайди.

Сўнгги йиллари эса бу мамлакатда гейлар ҳаёти янада катта хавф остига тушмоқда.

Уруш ва севги

2003 йил. Ироқ уруши қизиган паллалар. Санъат билим юртини битирган Найиф иш тополмай, АҚШ ҳарбийлари учун таржимонлик қила бошлайди.

"Биз Рамадида ишлардик. Энг хавфли пайтлар эди. Кўпчилик навбатчиликка чиққанида йўл четидаги бомбага дуч келиб, ҳалок бўларди" - эслайди у.

Аммо бу ерда ироқлик аскар йигитни учратгач, унинг ҳаёти ўзгариб кетади.

"Бир куни кўчада ўтирсам, бир ёш йигит чиқиб келди, уни кўргач, гўё атроф ёришиб кетгандек бўлди".

Найиф гейлигини ҳеч қачон ҳеч кимга айтмаган. Чунки Ироқда бу оилангни шарманда қилиш, ўзингни эса ўлим чангалига ташлашга тенг.

Аммо ҳалиги аскар Бту Алламий ҳам ўзини ёқтириб қолганини Найиф билмаган.

"Доимо атрофга қараб Найифни излардим" - эслайди Бту ҳам - "У билан гаплашгим келарди".

Бир куни Рамади касалхонасини исёнкорлардан тозалаш амалиёти чоғи, ниҳоят, улар гаплашишади.

"Бирга овқатлиниб қолдик. Кейин кечалари билан суҳбатлашиб чиқардик".

Image caption Бту Алламий Ироқ армиясида сержант бўлган

Ниҳоят бир оқшом улар ёлғиз қолишганида Бту илк бора Найифга юрагини очади.

Улар тез-тез гаплаша бошлашади.

Кўп ўтмай, ҳам америкалик, ҳам ироқлик аскарлар "ғайритабиий" муносабатни пайқаб қолишади.

"Баъзи аскарлар менга гапирмай қўйишди, бир ироқлик ҳамшаҳрим эса ҳатто мени дўппослади" - эслайди Найиф.

Сарсонлик

Бир неча йилдан кейин икковлон ҳам Ироқ жанубига жўнатилади. Бироқ улар муносабатларини доимо сир тутишга мажбур эдилар.

Ниҳоят, 2009 йили Найиф АҚШга кўчиб ўтиш учун бошпана сўрайди. Америкалик ҳарбийлар учун ишлаган одамнинг Ироқда қолиши ўта хавфли эди.

Найиф АҚШга кўчиб ўтади, лекин Бту Алламий учун виза олиб, ёнига чақириш ҳаракатлари иш бермайди.

Ироқда эса Бтунинг ота-онаси унинг гейлигини билиб қолган, бирон қизга уйланасан, деб мажбурлай бошлашганди.

Шунда Найифнинг хорижлик дўстлари ёрдамида Бту бир амаллаб, Ливанга қочиб ўтади.

"Бу мен учун жуда оғир қарор эди" - дейди Бту - "Қолаверса, мен оиламининг ягона боқувчиси эдим".

Ниҳоят, 2013 йили Найифнинг хорижлик дўстлари ёрдамида Бту Канаданинг Ливандаги элчихонасида суҳбатдан ўтади. Бту Канаданинг Ванкувер шаҳрига жўнатилади.

Image caption Бту ва Найиф ҳозир оила қуриб, АҚШда яшашади.

Улар чегаранинг икки тарафида, бир-биридан 225 чақирим узоқда яшай бошлайдилар.

Ироқлик йигитлар 2014 йили Канадада оила қуришади. Орадан бир йил ўтиб, Найиф ва Бту АҚШга кўчиб ўтишади.

Ҳозир Найиф уйларни безаш ширкатида, Бту эса қурилиш соҳасида ишлашмоқда.

"Яширадиган ҳеч нимамиз йўқ. Кўчада бемалол қўл ушлашиб юрамиз" - дейишади Найиф ва Бту.

Ироқда гей бўлиш жиноят саналмайди. Аммо кўплаб гей эркаклар ва аёллар калтакланади, ҳатто ўлдирилади.

2012 йилги Би-би-си махсус журналистик суриштирувида аниқланишича, ҳатто Ироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам мунтазам равишда гейларни таҳқирлаб, қийнаб келишади.

ИШИД жангарилари эса ўтган икки йил давомида ўнлаб эркакларни фақатгина гей бўлгани учун минорадан ёки кўп қаватли бинолар томидан ташлаб, ўлдиришган.

Мақола муаллифи: Клэр Бейтс.

Расмлар муаллифи: World of Wonder Productions

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ