Обама WikiLeaks сиздирувчиси Мэннинг ҳукмини енгиллаштирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Обама WikiLeaks сиздирувчиси Мэннинг ҳукмини енгиллаштирди

АҚШ Президенти Барак Обама Челси Мэннингга чиқарилган 35 йиллик қамоқ жазосини енгиллаштирди.

Мэннинг WikiLeaks га махфий ҳужжатларни сиздиргани учун ҳукм этилганди.

29 ёшли трансгендер Челси Мэннинг (туғилишида - Брэдли Мэннинг) шу йилнинг 17 май куни озодликка чиқади.

Унга муқаддам чиқарилган ҳукм бўйича эса Мэннинг 2045 йилга қадар қамоқда қолиши керак эди.

2010 йил Ироқда ҳарбий хизматда экан, жосуслик хизматининг кичик ходими бўлган Мэннинг WikiLeaks га минглаб дипломатик ёзишмалар ва ҳарбий амалиётларга доир ҳисоботларни тақдим қилган.

Бу АҚШ тарихида махфий маълумотларнинг энг йирик сиздируви бўлган эди.

WikiLeaks га Жулиан Ассанж асос солган эди.

Мэннинг маҳкама олди тингловларида бу амали билан Американинг ҳалқаро сиёсий саҳнада тутган ўрни ҳамда ҳарбий стратегиясига доир жамоатчилик ўртасида баҳс уйғотиш ниятида бўлганини айтган эди.

2013 йилда маҳкама ҳукми билан у 35 йил қамоқ жазосига лойиқ топилганди.

У ўз жинси ва исмини алмаштириш учун қамоқхонада ариза топширган.

Мэннингнинг адвокатларига кўра, у қамоқхона шароитларига тоқат қилолмасдан икки бор ўз жонига қасд қилган.

Мэннинг эркаклар қамоқхонасида қолмоқда.

Ўтган йил сентябр ойи у жинсини ўзгартириш учун жарроҳлик амалиётга рухсат беришмаганидан норозилик ўлароқ очлик эълон қилганди.

АҚШ мулозимлари ниҳоят унинг бу арзини қондиргани айтилади.

Аввалроқ, Британиядаги Эквадор элчихонасидан бошпана топган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж Мэннинг афв этилган тақдирда ўзини АҚШ мулозимларига топшириши ҳақида айтган эди.

WikiLeaks нашри Пентагон, АҚШ давлат департаменти ва бошқа идораларнинг махфий маълумотларини ошкор этиш билан шуҳрат қозонган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viberда - телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар