Узоқ умр: меҳнат ва роҳат уйғунлиги

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption 100 йил яшармиканмиз?

100 йил яшармиканмиз? Аммо биз яшамасак ҳам, фарзандларимиз ва набираларимиз бир аср яшашлари эҳтимоли юқори экан...

Давосдаги Жаҳон Иқтисодий форумида ҳамманинг оғзида Трамп, Хитой ва ё Брексит эди.

Аммо узоқ умр кўриш масаласи ҳам қорга беланган бу тоғ шаҳарчасида энг қайноқ мавзулардан бири эди.

Сўнгги тадқиқотларга кўра, 2000 йилдан кейин Британия, АҚШ, Канада, Франция, Германия каби тараққий топган давлатларда туғилганлар 100 ёш ва ҳатто, бундан ҳам узоқроқ умр кўришлари мумкин бўлади.

Бошқача айтганда, масалан, 19 асрдан бери ҳар ўтган ўн йилга ўртача умр кўриш икки ярим йилдан ошиб борган.

Бу ҳақда Демография институти ходими Жим Ваупел айтмоқда.

Гап шундаки, у сўнгги 150 йилда инсоннинг ўртача умр кўриш ўзгаришларини тадқиқ қилиб чиққан.

Табиийки, инсоннинг узоқ умр кўраётгани ҳақида хабарлар қувонарлидир.

Аммо бу қанча узоқ умр кўрсак, шунча кўп ишлаш керак бўлади дегани ҳамдир.

"Агар умримизга 30 йил қўшилса ва 60 ёшдан нафақага чиқадиган бўлсак... биз ҳозиргидан кўра беш карра кўпроқ ишлашимиз керак бўлади. Бу эса нафақа ёшини тубдан ислоҳ қилади", дейди айни мавзуда Давосда махсус йиғинга раислик қилган Линда Граттон.

Линда London Business School профессори, психолог олим ва айни мавзудаги китоб муаллифи.

Линда Граттонга кўра, одамлар умрларини уч қисмга бўлишга ўрганиб қолишган.

Булар таълим олиш, ишлаш ва нафақага чиқиш йилларидир.

Аммо олимага кўра, узоқроқ меҳнат қилиш аслида иш ва шахсий ҳаёт ўртасида яхшигина мувозанатни яратиши мумкин.

Масалан, агар нисбатан узоқроқ ишлайдиган бўлсангиз, унда фарзандлар тарбияси ва ё кекса ота-онага қараш учун бемалол бир-икки йил танаффус қилиш мумкин.

Чунки 60 ёшдан нафақага чиқиш шарт бўлмай қолади.

Кекса америкаликлар учун лобби гуруҳи саналган, нотижорий AARP ташкилоти раҳбари Жо Анн Женкисга кўра, америкаликларнинг кўпчилиги ҳозирдаёқ нафақа ёшидан кейин ҳам ишлай бошлашган.

2012 йилда АҚШдаги ишчиларнинг учдан бир қисми 50 ёшдан юқори америкаликлар бўлишган.

2022 йилга келиб бу кўрсаткич умумий ишчи кучининг 36% ини ташкил қилиши кутилмоқда.

Янги дорилар

Аммо кексайганингизда саломатликни ҳам сақлаб қолиш муҳим масалага айланади.

Япония дори-дармон ширкати Takeda раҳбарларидан бири Кристоф Уеберга кўра, бу мамлакатда 60 ёшдан ошганлар аҳолининг чорак қисмини ташкил қилади.

Узоқ умр кўриш дегани, Кристоф Уебернинг айтишича, дименция каби хасталиклар ҳам кўпайишини англатади.

Меҳнатга лаёқатнинг кушандаси саналган ушбу касалликларга қарши кураш, янги дори-дармон ишлаб чиқиш масаласи ҳам кун тартибидадир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viberда - телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг