Трамп матбуотни 'диёнатсиз'ликда айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Доналд Трамп (чапда) ва Барак Обаманинг 2009 йилги расмий қасамёд маросими

Президент Доналд Трамп матбуотни ўз қасамёд маросимида иштирок этган одамлар сони юзасидан нотўғри хабар тарқатишда айблаган. Жаноб Трампга кўра, телетасвирлар ва фотосуратларда инаугурациянинг аниқ манзараси акс этмаган.

Жаноб Трамп жума куни Капитол биноси олдида нутқ ирод қилган пайти "кўринишидан" 1,5 миллион одам тўпланганини иддао қилган.

Кейинроқ, Оқ Уй матбуот котиби "расмий қасамёдга ҳеч қачон бу қадар катта сонда томошабин" келмаганини айтган.

Аммо ҳеч бирлари ўз даъволарига далил келтиришмаган.

Сураткашлар 2009 йилги Барак Обаманинг инаугурациясида анчайин кўпроқ киши қатнашганини кўрсатишади.

Шанба куни АҚШ ва дунё бўйлаб Трамп жанобларининг янги маъмуриятига қарши норозилик чиқишлари бўлиб ўтди.

Америкадаги энг йирик юриш Вашингтонда ташкил қилинган. Шаҳар расмийлари ҳисоб-китобларига кўра, 500, 000 дан ортиқроқ одам тўпланган. Ню Йоркда эса 400, 000, Чикаго ва Лос Анжелос дохил бошқа шаҳарларда яна юз минглаб кишилар кўчаларга чиқишган.

Улар асосан хотин-қизлар ҳақларига эътибор қаратишган.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, Доналд Трамп ҳокимиятга келиши билан аёллар ҳуқуқи хавф остида қолган.

Доналд Трамп Марказий Жосуслик Агентлигининг Виржиния штати Лэнгли минтақасида жойлашган қароргоҳига сафари чоғи норозилик намойишларини оғизга олмаган, аксинча, диққатни матбуотга қаратган.

Америка матбуоти эса Президент Трампнинг жума кунги расмий қасамёд маросимини ёритишда ноҳақлик бўлгани борасидаги изоҳларига ғазабнок муносабат билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар