АҚШ-Афғонистон: Трамп қўшинларни олиб чиқадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Трамп Афғонистон бўйича қандай қарор беради?

Доналд Трамп Оқ Уй кўчиб кирар экан, унинг зиммасига юкланадиган асосий вазифалардан бири Афғонистон билан боғлиқ бўлади.

Американинг хориж ўлкада энг узоқ уруши кечаётган бу мамлакат ҳақида Трамп ҳали деярли ҳеч нарса дегани йўқ.

Бошқа масалаларда гапирди, бир гапи бошқасига тўғри келмаган ҳолда ҳам гапирди.

Ўтмишда у Американинг Афғонистондаги ҳозирлигини "ҳалокат" деб атаган ва қўшинларни бу мамлакатдан чиқариш ҳақида айтганди.

Аммо ўтган йил декабр ойида Афғонистон Президенти Ашраф Ғаний билан сўзлашиб, Америка Афғонистон бўйича ўз зиммасига олган вазифалардан воз кечмаслигини урғулаган.

Кейин эса... Ашраф Ғанийни ўзининг қасамёд қилиш маросимига таклиф қилмади.

Бу ўз навбатида Афғонистон ортиқ АҚШ учун устивор бир мамлакат эмас деган хавотирларни урчитди.

Толибон шу ҳафта бошларида Президент Трампни мамлакатда АҚШ қўшинларини олиб чиқишга чақирди.

"Ҳеч нарсага эришмадингиз, фақат бегуноҳ афғонларнинг қонини тўкдингиз, қишлоқларимиз ва боғларимизни вайрон қилдингиз".

Америкаликларнинг Афғонистондаги амалиётлар бўйича расмий таҳлиллари ҳам умидбахш эмас.

Трамп учун бошоғриқ бир маънода Афғонистондаги қайта қуриш лойиҳаларини назорат этувчи ташкилотнинг ҳисоботида ҳам аксланган.

АҚШнинг Афғонистон бўйича Бош инспектори Жон Сопконинг айтишича, Америка Афғонистондаги қайта қуриш учун Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Европани тиклаш сарфлаганидан кўра кўпроқ маблағни...совурган.

Шунга қарамай, Афғонистон ҳукумати мамлакатнинг фақат 63 фоизи устидан назоратга эга,холос.

Кўкнори етиштириш рекорд даражага чиққан, порахўрлик кенг тарқалган...

Сопкога кўра, "15 йилдан кейин ҳам Афғонистон ўзини на молиявий ва на амалий таъминлай олади".

"Агар бу мамлакат "тирик" қоладиган бўлса унга узоқ муддатли молиявий кўмак зарур бўлади".

Заҳиралар бўшаб қолмоқда

Image caption "Отишга ўқ йўқ"

Мамлакатнинг айрим ҳудудлари қанчалар абгор бўлгани бундан бир неча ҳафта аввал, Би-би-сининг афғонистонлик мухбирига Ҳелмандда толибларга қарши жанговар амалиётларни кузатиш имкони берилганида билинди.

Азиз Аҳмад Шафе Афғонистон миллий армиясининг 215 бўлинмаси билан Лашгаргоҳга парвоз қилди.

Зирҳли Humvee машиналар шаҳар ташқарисига чиқишди.

Жабҳа чизиғи узоқ эмас.

Толиблар Ҳелманд вилоятининг 80 фоизини назорат қилишади.

Британиялик аскарлар орасидан берилган 456 нафар қурбонларнинг кўпи шу минтақага тўғри келади.

Гарчанд, 215 ҳарбий бўлинма Америка кучлари томонидан бутунлай қайта ташкиллаштирилган эса-да, ҳамон жанговар даражада эмас.

Афғон қўшинларига кўра, заҳиралар бўш...

"Бир ой бўлди ўқ-дориларимиз тугаётганига...лекин ҳеч нарса беришгани йўқ", дейди сержант Ҳаётуллоҳ.

"Душманларимиз бизга ўт очади, бизда эса жавоб беришга етарли ўқ-дори йўқ".

Стратегик манфаатлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Америкаликлар

Ҳаётуллоҳнинг қўмондони Американинг янги президентига мурожаат қилди.

"Афғонистон аскари ўлароқ, мен Доналд Трамп жанобларидан бу ерда жангларни давом эттиришини сўрайман", дейди 215 чи ҳарбий бўлинма қўмондони, генерал Муҳаммад Вали Аҳмадзай.

"Агар у бизга кўпроқ ёрдам берса, биз террорчиларни йўқ қиламиз".

2014 йилнинг охирларида Афғонистондан аксарият хорижий қўшинлар чиқарилганди.

Аммо мен яқинда НАТОнинг Афғонистондаги қароргоҳига борганимда бошқача манзара гувоҳи бўлдим.

НАТО қароргоҳида иш қизғин эди, ҳар бир неча дақиқада вертолётлар ё парвоз қилиб ва ё қўниб турарди.

Ҳозир ҳам Афғонистонда 13 минг хорижлик қўшинлар бор, уларнинг аксарияти америкаликлар.

НАТО воизларидан бири генерал Чарли Кливландга кўра, Америка ҳамон Афғонистонда аниқ стратегик манфаатга эга.

Унинг айтишича, бу ердаги АҚШ қўшинларининг икки вазифаси бор.

  • Афғон армиясини ўқитиш ва ёрдамлашиш
  • Террорчи ташкилотларни нишонга олиш

"2015-16 қишида Афғонистон ҳукумати стратегиясини ўзгартирди", дейди генерал Кливланд.

"Улар ҳамма жойни ҳам мудофаа қилолмасликларини тушуниб етишди. Эндиликда улар бор эътиборни йирик аҳоли марказларига қаратишди".

Унинг айтишича, бу йўл энг яхшиларидан бўлмаслиги мумкин, аммо Афғон армияси 2015 йилга келиб тобора ёмонлашаётган вазиятни бир қадар назорат остига олди.

Аммо ҳали қилинадиган ишлар талайгина.

Ўтган йил Афғон армияси қурбонлари сони 5000га етди.

Афғон ҳукумати ва иттифоқчилари бу рақам ҳалокатли эканини яхши тушунади.

Американинг Афғонистон сиёсати бир қадар чигаллашиб қолар экан, сиёсий саҳнада бошқа давлатлар пайдо бўлди.

Ўтган ой Россия Хитой ва Покистон вакиллари иштирокида Афғонистондаги вазиятни Москвада муҳокама этди.

Москва Толиблар билан алоқада эканини яшириб ўтиргани йўқ.

Хўп, Трамп нима қилади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шўролар ҳам Афғонистондан енгилиб чиққан эди...

Трамп командасидаги икки муҳим лавозим ана шу саволга бир қадар жавоб бериши мумкин.

Президент Трампнинг Мудофаа вазири генерал Жеймс Маттис бир пайтлар Афғонистондаги Америка кучлари қўмондони бўлган.

Ўтмишда у Покистон Толибларни тийиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши керак дея бир неча бор гапирган.

Президент Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Флин ҳам айни шу мавзуни урғулаб келган.

Президент Трамп ўз чиқишларида ИШИДга қарши кескин кураш бошлаш кераклигини урғулади.

Афғонистонни ташлаб чиқиш эса ИШИДга қарши курашнинг белига тепиши тайин.

ИШИД ўтган бир неча йил ичида Афғонистонда ҳам "ин қуриб олишга" муваффақ бўлди.

Айни шу нуқтаи назардан қаралса, Президент Трамп учун Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш осон бўлмайди.

Бошқа томондан эса, Трамп ва унинг маъмурияти Американинг энг узоқ давом этган урушида қўшинларни олиб чиқиш билан кўпчилик аниқ мағлубият деб қарайдиган амалга қўл уриши ҳам ҳақиқатдан узоқ кўринади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.