Трамп: "Террорга қарши қийноқ қўллаш самара беради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Америкача қийноқ

АҚШ Президенти Трампга кўра, террорчиликда гумонланган шахсларни қийноққа солишнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ.

Трамп "аччиқни аччиқ кесади" қабилида иш тутиш тарафдори эканини айтган.

ABC телеканали билан суҳбатда Доналд Трамп радикал исломчилар билан курашда қийноқ қўллаш, хусусан сувга бўктириш самарали бўлиши ҳақида айтган.

Сувга бўктириш усули террорчиликда гумонланган шахсларни сўроқ қилишда АҚШ хавфсизлик хизматлари томонидан аввал ҳам қўлланилгани маълум.

Трампнинг айтишича, у айни масалани жосуслик хизматларининг юқори лавозимли мулозимлари билан муҳокама этган.

АҚШнинг лавозимдор жосуслари эса Трампга қийноқлар терговда натижага эришиш учун "самара беришини" айтишган.

Трамп бу даъволарини ИШИДнинг зўравонликлари билан оқлаган.

Ўз чиқишлари ва амаллари билан таниқли сиёсий арбоблар, зиёли америкаликлар қатори оддий фуқароларни ҳам жиддий норози қилаётган Трампнинг сўнгги даъволарига сенатор Жон Маккейн биринчилардан бўлиб муносабат билдирган.

Маккейн Twitterда "Президент истаганича буйруқ бераверсин, аммо қонун бу қонун, биз қийноқ қўллашни қайта жорий қилмаймиз", деб ёзди.

Доналд Трамп эса ИШИДнинг зўравонликларини баҳона қилди.

"Улар бизнинг фуқароларимизни отишмоқда, сўйишмоқда...фақат бизнинг эмас, балки Яқин Шарқда фақат насроний бўлганлари учун ўлдирилмоқдалар. Бу ўрта асрларни ёдга солувчи амаллардан ИШИД тортинмаётган экан, мен нима учун сувга бўктириш усулидан жирканишим керак", деб айтган Трамп.

Аммо Трамп хавфсизлик хизматларига қийноқ қўллаш учун рухсат бериш борасида бир қарорга келмаганини маълум қилган.

У айни масалани кўриб чиқиш учун Мудофаа вазири Жеймс Мэттис ва Марказий Жосуслик Хизмати раҳбари Майк Помпеога мурожаат қилганини айтган.

Сувга бўктириш усули Америкада қонун билан тақиқлаб қўйилган.

2010 йилда АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш "сувга бўктириш" қийноқ усулини қўллаш рухсатини берганидан афсусда эмаслиги, бу билан кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолганлигини ва террористик ҳужумларнинг олди олинганлигини даъво қилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар