Роҳинжа мусулмонлари: Ҳақиқат, ёлғон ва Аун Сан Су Чи

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Аун Сан Су Чи ҳақиқатни айта оладими?

Бирма ҳукумати Роҳинжа мусулмонларига қарши зўравонликлар юзасидан махсус тергов комиссияси ташкил қилган эди.

Роҳинжа мусулмонлари яшайдиган Рахине штатига журналистлар қўйилмайди.

Бирма ҳукумати ўз аскарларининг оддий аҳолини жинсий зўрлаётгани ва ўлдираётганига доир айбловларни зўр бериб рад этишга ҳаракат қилмоқда.

Аксарият ўқувчиларимиз Роҳинжа мусулмонлари ҳақида кўпроқ билишни, уларнинг бугунги тақдири ҳақида огоҳ бўлиш истагида эканлари ҳақида ёзишди.

Би-би-си мухбири Жонаҳ Фишер "Роҳинжа: Ҳақиқат, ёлғонлар ва Аун Сан Су Чи" номли мақоласида Бирманинг бугунига назар ташлайди.

Доналд Трамп ва Аун Сан Су Чини бирлаштирадиган томонлар сиз ўйлаганингиздан ҳам кўра кўпроқдир.

АҚШ ва Бирма раҳбарлари етмишдан ошиб қолишди.

Иккаласи ҳам сочи ва ё соч турмаклаши, журналистларни ёмон кўриши билан ном чиқарган.

Трампнинг оммавий-ахборот воситаларига ёвқараши ҳақида ҳамма билади.

Аун Сан Су Чининг матбуотни ёқтирмаслиги эса...кўплар учун кутилмаган бир янгилик бўлиши мумкин.

Уни "The Lady" (Хоним) деб танишади.

1990 йилларда у демократия ва инсон ҳуқуқлари яловбардори сифатида сиёсий саҳнага чиқди.

У мамлакатни бошқараётган ҳарбийлар томонидан уй қамоғига ташланди.

Аун Сан Су Чи билан суҳбатлашаман деган журналистлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйишарди.

Аммо ҳозир бу Хоним қудратга келган ва ҳамма нарса бошқача...

У ўзи учун янги лавозим яратиб олган.

Аун Сан Су Чи бу лавозимни "Президентдан баланд" эканлигини уқтирган эди.

Амалда эса айни лавозим ва унинг соҳибига ҳеч ким дахл қилолмайдиган бўлди.

Ҳозирда Аун Сан Су Чи Бирма оммавий-ахборот воситалари билан умуман суҳбатлашмайди.

Халқаро матбуот нашрлари билан эса танлаб-танлаб мулоқот қилади.

Парламент аъзоларига ўз қудрати ва ё фаолиятига доир ҳеч қандай ҳисобот бермайди.

У лавозимни эгаллаганига 14 ой бўлди, бу орада ақалли бир марта бўлса ҳам матбуот анжумани ўтказмади.

Аммо Бирманинг қора кунлари саналган - цензура ҳукмрон бўлган кунларни ёдга солувчи ташвиқот машинаси ишлаб турибди.

Роҳинжа мусулмонлари кимлар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бирма давлати бу жабрдийдаларни "кўрмайди"

Ҳар куни давлат матбуоти Роҳинжа мусулмонларининг аянчли тақдирига эътибор қаратадиган халқаро оммавий-ахборот воситаларидан ёзғиради.

Мянмарда роҳинжа мусулмонларининг сони бир миллионга етади.

Уларни яккалаш ва пастга уриш Бирмада бир неча ўн йилдан бери давом этиб келади.

Сўнгги ойлар Бирма армияси Рахине штатидаги мусулмонларга қарши аёвсиз амалиётларни давом этмоқда.

Роҳинжаларга қарши зўравонликларни мустақил ёритишнинг имкони йўқ.

Чунки Аун Сан Су Чининг ҳукумати бу минтақага хорижликларни яқинлаштирмайди.

Айримлар Бирма армиясини минтақада этник тозалаш ўтказаётганликда айблайди.

Бошқалар "қатлиом" дейишади.

Бирма армияси ҳам Хоним ҳам бу каби айбловларни рад этишади.

Минтақада террорга қарши курашаётганларини иддао қилади.

Ноёб...суҳбат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption БМТ Бирмани этник тозалашда айблаганди

Ўтган ҳафта Би-би-сига ниҳоят Рахине штатига бориш рухсати берилди.

Биз зудлик билан минтақа пойтахти Ситвега келдик.

Маю дарёсида Бангладеш билан чегара томон йўлга тушдик.

Орадан тўрт соатча ўтиб биз зиддиятли деб аталган минтақадан 45 дақиқа узоқда жойлашган Бутҳидаунг деган жойга етиб келдик.

Афсуски, бу ерда ҳам расмийлар бор эди.

Бизни хавфсизлик хизмати ходимлари ва полиция биргаликда кутиб олди, минтақа маъмурияти жойлашган шаҳарчага таклиф қилишди.

Бу маъмурият биносига етиб келганимиз билан бизга ...рухсатнома бекор қилинганини айтишди.

Гап шундаки, бизга берилган рухсатномадан Аун Сан Су Чининг ҳукумати бохабар бўлиб қолишган.

Хуллас, бизга берилган рухсатнома бекор қилинди.

Аммо кемачага чиқишимиздан аввал маҳаллий мулозим камера қаршисида суҳбатлашишга рози бўлди.

Бунинг ўзи биз учун катта воқеа эди.

Хоним ва унинг воизи биз билан Рахине штатидаги вазиятга доир суҳбат қуришдан мутлақо бош тортишди.

Аслида шифокор бўлган Тҳан Куяу бирмалик буддавий ва Рахине штатида ўн йилдан бери яшайди.

Шифокор билан суҳбатлашар экансиз, Роҳинжа мусулмонларига қарши зўравонликларга бошқа бирмаликлар каби у ҳам ишонмаслигига гувоҳ бўласиз.

"Яширадиган ҳеч нарсамиз йўқ", дейди.

"Ҳукумат ҳамма ҳақиқатни ошкор қилмоқда. Будданинг ўгитлари жинсий зўравонликни қоралайди. Буларнинг бари миш-миш"

Исботу далил йўлида ғовлар

Аун Сан Су Чи учун эса бу фақатгина миш-миш эмас.

Журналист ва ёрдам ташкилотлари учун минтақани ёпиб қўяр экан, Сан Су Чи хоним Роҳинжа мусулмонларининг тақдирига доир барча хабарларни ўзи назорат қилар экан.

Жабрдийда роҳинжа мусулмонлари ўзларини ўзлари смартфонларга видеога, суратга олишмоқда ва жўнатишмоқда.

Ўтган бир неча ой давомида менга юзлари калтак зарбидан кўкариб кетган, ўзларининг зўрланганлари ҳақида ҳикоя қилган аёллар видеолари келиши тўхтагани йўқ.

Улар орасида болаларнинг жасадлари...куллар ёнида ётган, бош чаноқлари ёқиб юборилган болалар....

Бу суратлар ва видеоларнинг қанчалар ҳақиқий эканини текшириш қийин, аммо иложсиз эмас.

Аксарият ҳолатларда бу видеолар битта жуғрофий ҳудуддан жўнатилади.

Айрим ташкилотлар эса минтақада бу каби бедодликларни кузатиб, ҳужжатлашритиб жўнатиган ўзларининг яширин гуруҳларига эга.

Бирма ҳукуматининг матбуоти эса айни ҳолатларни ўз "кўзи" билан кўради, ўз назари билан тақдим қилади.

Бу суратларга қараб қанча одам ўз ватанини ташлаб чиқаётгани ва ё қурбон бўлаётганини айтиш қийин.

Аммо айни видеолар бу минтақада даҳшатли воқеалар рўй бераётганидан ҳикоя қилади.

Аун Сан Су Чи ва унинг мулозимлари эса матбуотга муносабат борасида худди Доналд Трампдан дарс олишгандай...жавоб беришади.

Давлат матбуоти нима дейди?

Аввал бошидан улар роҳинжа мусулмонларига нисбатан зўравонликни исботловчи далилларни бир-икки ҳолатда халқаро матбуот нотўғри талқин қилгани билан "оқлаб" келишди.

Масалан, Mail Online нашри роҳинжалик болакай қийноққа солинаётгани ҳақидаги видеони кўрсатди.

Аммо болакай аслида камбоджалик бўлиб чиқди.

Бирма расмий матбуоти учун катта баҳона топилди. Халқаро матбуот ёлғончига чиқарилди.

Тарғиботу ташвиқотнинг охири борми?

Британия дохил айрим давлатлар Аун Сан Су Чи хонимни бир қадар "аяб" келишади.

Бирмадаги айрим ижобий ўзгаришларга кўпроқ эътибор қилишга чақиришади.

Мянмарнинг диктаторликни тарк этганини урғулашади.

Нима бўлганда ҳам Аун Сан Су Чи эндигина ҳукуматга келди, на армия ва на полиция унинг назоратида...

Балки у истаган тақдирда ҳам армиянинг Рахинедаги зўравонликларини тўхтатиб қололмас эди.

Шунданми, унинг барча камчиликларига кўз юмилади, Аун Сан Су Чи Бирманинг умиди дея тақдим этилади.

Аммо муаммо шундаки, у тарғиботу ташвиқотни тўхтатса бўлар эди.

Чунки айнан унинг вазирлари ва мулозимлари Бирма армиясининг зўравонлигидан жабрланаётган роҳинжа мусулмонларининг фарёдини тингламаяпти.

Бу фарёдни рад этмоқда.

Айнан шу армия Бирманинг бошқа этник озчиликларига тегишли қишлоқларга ўт бергани, аёлларни зўрлагани маълум.

Ташқи дунёнинг босимлари остида Аун Сан Су Чи Рахине штатидаги зўравонликларга доир махсус комиссия тузишга мажбур бўлди.

Аммо айни комиссияга раҳбар вице-президент Све, собиқ армия генерали ва у бир неча кундан кейин тақдим қиладиган ҳисобот...ҳукуматнинг бу масалага ҳозиргача берган таърифини акс эттириши кутилмоқда.

Таърифки, Рахинеда армия террорчиларга қарши курашмоқда.

Рахинеда нималар бўлаётганига доир ҳақиқатни биз ҳеч қачон тўлалигича билмаслигимиз мумкин.

**********************************************************************************************************************************************************************************

Бирма (Мянмар) Аун Сан Су Чининг (NDL) Демократия Миллий Лигасида маслаҳатчи бўлган машҳур ҳуқуқшунос Ко Ни дафн этилган.

Асосан буддавийлардан ташкил топган бу мамлакатдаги саноқли мусулмон сиёсатчилардан Ко Ни кеча отиб кетилганди.

Қудратдаги партия бўлмиш NDL Ко Нини "тенгги йўқ" деб таърифлаган.

Қотилликда гумон қилинган бир шахс қўлга олингани хабар қилинган.

Ко Нини мусулмон бўлгани учун ўлдиришганмиди?

Бу саволга ҳозирча жавоб йўқ, аммо Бирмада сиёсий қотилликлар камдан кам рўй беради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар