Трампнинг фармони олийлари унга қандай куч-қудрат беради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дональд Трамп ҳеч ким рад қилолмайдиган фармони олийсини кўз-кўз қилмоқда.

Сўнгги кунлари Президент Трамп аллақандай қоғозларга имзо чекканини бутун дунё кўрди.

Булар Дональд Трампнинг ижроия ҳокимиятига берган фармонлари бўлиб, улар сайловолди ваъдаларини тез фурсатда амалга ошириш йўлидир.

АҚШда ҳар бир президент, хусусан, Барак Обама ҳам тез ишга тушадиган фармонлар беришган.

1789 йилдан бери бунақа фармонлардан 13 мингта имзоланган.

Фармони олийми?

Маълумки, Конгресснинг Сенат ва Вакиллар Палатасидаги сенатор ҳамда вакиллар қайси ғоялар қонунга айланиши мумкин ё АҚШ бюджети қандай сарфланиши керак деган масалаларни ҳал қилишади.

Лекин айнан фармони олий учун Конгресснинг розилиги талаб қилинмайди. Бироқ бу фармойишлар ҳам бошқа қонунлар каби кучга эга.

Шу жиҳатдан у кўпроқ фармони олий иборасига мос тушади.

Аслида, президентлар Конгрессни айланиб ўтиш ниятида шундайин фармонлар беради.

Президент Трамп эса ўзининг зиддиятли сайловолди ваъдаларини амалга ошириш мақсадида мазкур ҳужжатларни имзолади.

Қарор қатъий

Дональд Трамп имзолаган фармонлар орасида АҚШга кираётган мусулмонларнинг ҳуқуқларига оидлари ҳам бор.

Ёки ҳомила олдириладиган тиббий муассасаларга маблағ ажратиш йўлларини тўсди.

Айни пайтда, америкалик ҳиндулар яшайдиган Standing Rock резервацияси ёқалаб ўтадиган ўта зиддиятли нефть қувурини ётқизишни қўллаб-қувватлайдиган фармонни ҳам имзолади. Бу қувур эса ҳам табиатга, ҳам ҳиндулар муқаддас санайдиган заминга зарар етказиши айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳиндулар ва фаоллар Дакота қувури қурилишига қарши узоқ муддат совуқ ҳавода намойишлар ўтказишган

Узоқ давом этган намойишлар ортидан Барак Обама нефть қувури учун янги йўл топилишини айтган эди.

Бироқ Дональд Трамп иш бошлагач, ушбу қувурни қуриш АҚШ тижорати ва қишлоқ ҳўжалигига фойда келтиради, деб чиқди.

Кейин эса мусулмонларни АҚШга киритмайдиган фармони олий имзолади. Бунга мувофиқ, Сурия, Эрон, Ироқ, Сомали, Яман, Ливия ва Судан фуқаролари АҚШ ҳудудларига қўйилмайди.

Суриялик қочқинларнинг Америкага келадиган йўлларини ҳам тўсди.

Фармони олийни бекор қилиб бўладими?

Конгресс агар президент фармони олийсини ёқтирмаса, унинг ижросини молиялашни қийинлаштирадиган бирон қонун қабул қилиши мумкин, холос.

Лекин Трампнинг ҳолатида Конгресснинг қўлидан ҳеч нима келмаса керак.

Чунки ҳам Сенат, ҳам Вакиллар Палатасида демократлар эмас, республикачилар сони кўп.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Президент Трамп кўплаб фармонларга имзо чекди.

Бир йўли бор ва у яна шу фармонлар қабул қилинган Оқ Уйга етаклайди.

Оқ Уй маъмурияти собиқ президент фармонини ёқтирмаса, янги раҳбар уни бекор қила олади.

Бироқ АҚШ Олий Маҳкамаси президент фармонини Конституцияга зид, деб топса, уни бекор қила олади.

Конституция Американинг сўз эркинлиги каби қадриятларини таъминлайдиган бош китобдир.

Мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқловчи фармонни танқид қилаётганларга кўра, Дональд Трамп Конституциядаги ҳеч бир диний гуруҳ "бошқасидан устун эмас"лигини таъкидловчи муҳим моддани бузмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ