"Икки қулоғимни кесиб ташлади"

Image caption Зарина ҳозирда шифохонада

Афғонистоннинг Балх вилоятидан бўлган аёлнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, турмуш ўртоғи қўлларини боғлаб, икки қулоғини кесиб ташлаган.

23 ёшли Зарина ҳозирда касалхонада.

"Бирон гуноҳ қилмаган бўлсам, нега бундай қилди", дея рамзий савол билан атрофга аланглайди у.

Полицияга кўра, унинг эри ҳозирда қочиб юрибди.

Image caption Зарина оиласида қолишни истамайди

Заринанинг айтишича, эрининг зўравонлиги тўсатдан бошланган. Ярим кечаси уни беҳосдан уйғотиб, шу қилмишга қўл урган.

Зарина 13 ёшида турмуш қурган, лекин ҳозирда айтишича эндиликда оиласида қолиш истаги йўқ.

"Ҳамма нарсадан шубҳа қилаверади. Ота-онамни ҳам бориб, кўргани қўймасди".

Зарина ҳодисаси Афғонистонда турмуш ўртоқлари қўлида бу каби азобга учраётган аёллар ҳолатларидан навбатдагиси.

Ўтган йили Фарёб вилоятининг Ғўрмоч туманида Ризогулнинг эри бурнини кесиб ташлаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бурни кесилган Ризогул

Ундан аввалги йили зинода айбланган аёл Ғўр вилоятида тошбўрон қилиб ўлдирилган, ҳудди шу йили март ойида Кобулда Қуръони Каримни оёқ ости қилишда айбланган Фархунда исмли ёш аёл оломон томонидан ўлдирилиб, жасади ёқиб юборилганди.

Афғон ҳукумати аёлларни маиший зўравонликдан ҳимоя қилиш чораларини амалга ошираётганлигини айтиб келади.

Лекин собиқ президент Ҳомид Карзай парламентнинг иккала палатаси томонидан маъқулланган маиший зўравонликни жиноий амалга тенглаштирувчи қонуни имзолаш имконини топмаган ё-да истмаган.

Жорий президент Ашраф Ғани ҳам аёллар ва болаларни маиший зўравонликдан ҳимоя қилишни кўзда тутувчи ўтган йил охирида парламент томонидан маъқулланган қонун лойиҳасини ҳозирча имзолагани йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг