"Россия хакерлари Ғарбни беқарорлаштирмоқчилар"

Майкл Фэллон Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллоннинг айтишича, Россия хакерлари Ғарбдаги демократия ва инфраструктура тизилмларини мутассил равишда нишонга олиб, кибер ҳужум кампаниясини олиб бормоқдалар.

"Москва НАТО ва Ғарб ҳукуматларини беқарорлаштириш ва заифлаштириш мақсадида маълумотларни қуролга айлантирмоқда", деди жаноб Фаллон.

Унинг айтишича, Ғарбдаги иттифоқчилар учун кибер ҳужумлардан ҳимоя қобилиятини кучайтириш муҳимдир.

"НАТО ҳаво, ер ва сувда ўзини ҳимоя қилганидек, кибер фазода ҳам ўзини самарали ҳимоя қила олиши лозим. Ҳужумчилар билишсинки, кибер қуролни ишга солсалар бунга муносиб жавоб бўлади", деди Британия мудофаа вазири.

Жаноб Фэллон Россия томонидан шу вақтгача амалга оширилган кибер ҳужумлар қаторида 2015 йили апрел ойида Франсанинг TV5Monde телеканали ва Олмония парламентининг қуйи палатаси вебсаҳифларига ҳужумларни тилга олди.

TV5Monde каналига ҳужум унинг мутлақо эфирдан ўчиб қолишига олиб келган бўлиб, дастлаб ИШИД хакерлари бу ҳужумда масъулиятни даъво қилишганди.

Британия мудофаа вазири АҚШдаги президентлик сайловлари даврида икки асосий партия вебсаҳифаларига хакерлик ҳужумида ҳам Россия қўли борлиги гумон қилинишини айтди.

Россия бу каби даъволарни рад этиб келган ва WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг айтишича, сайловлар даврида Демократлар партиясидан кўплаб электрон мактубларнинг ошкор бўлиши ортида Москва турмаган.

"Россия НАТО ва Ғарбни синовдан ўтказаётгани аниқ. Россия ўз таъсир доирасини кенгайтирмоқчи, мамлакатларни беқарорлаштириб, иттифоқларни заифлаштирмоқчи. Кўплаб иттифоқчиларимизнинг миллий хавфсизлиги ва халқаро қонун-қоидаларга асосланган тизмларга дахл қилмоқда", деди Майкл Фэллон.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг