AI: Суриядаги Сайдная қамоқхонасида минглаб одамлар дорга осилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amnesty International/Forensic Architecture
Image caption AI: Суриядаги Сайдная қамоқхонасида минглаб одамлар дорга осилган

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Суриядаги махфий қамоқхонада асосан тинч аҳоли вакиллари бўлган 13000 киши қатл қилинган.

Ташкилот чиқарган янги ҳисоботда айтилишича, 2011 йилнинг сентябр ойидан то 2015 йилнинг декабрига қадар маҳбуслар ҳар ҳафта оммавий равишда дорга осилганлар.

Amnesty International нинг ишонишича, бу қатллар ҳақидаги буйруқ Сурия ҳукуматининг энг юқори раҳбарлари томонидан берилган.

Сурия ҳукумати муқаддам ҳибсга олинган шахсларни ўлдириш ва қийноққа солиш каби айбловларни рад этган эди.

Аммо БМТнинг инсон ҳақлари бўйича мутахассислари ўтган йил ўн минглаб одамлар ҳибсга олингани ва "оммавий равишда ўлим" ҳолатларига ишора этувчи жиддий ҳужжатлар борлигини айтишганди.

Amnesty International Сайдная қамоқхонасига оид ҳисоботи учун собиқ қамоқхона нозирлари, маҳбуслар ва мулозимлар билан суҳбатлашган.

Ташкилотнинг даъво қилишича, Дамашқ шимолидаги махфий қамоқхонада ҳар ҳафта бир ёки икки марта 20 дан 50 га қадар маҳбуслар оммавий қатл этилган.

Улар қатл қилинишидан аввал "ҳарбий дала маҳкамаси"да бирдан уч дақиқагача давом этадиган "маҳкамалар"га олиб келиниб, ҳукм қилинганлар.

Собиқ ҳарбий маҳкама ҳакамларидан бирининг айтишича, маҳбуслардан жиноят қилган-қилмаганлари ҳақида сўралган, уларнинг жавоби "ҳа" ёки "йўқ" бўлишидан қатъиназар, ҳукм этилганлар.

"Бу маҳкамада қонун устиворлиги мутлақо йўқ эди", деб айтган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amnesty International
Image caption Собиқ маҳбус Умар қамоқдан аввал ва кейин

Ҳисоботга кўра, қатл қилинганларнинг жасадлари кейин ҳарбий госпиталга олиб келинган, рўйхатга олинган ва ҳарбийларга тегишли оммавий қабрларга кўмилган.

Шоҳидлар ҳикояси

Дорга осиш жараёнини кузатган собиқ ҳакам:

"Маҳбуслар дорга 10 ё 15 дақиқа осилиб туришарди. Айримлар вазни енгил бўлгани учун ўлмай қоларди. Айниқса ёшлар...вазнлари енгил, жон беролмасди...Шунда зобитлар келиб, уларнинг оёқларидан қаттиқ тортишар, бўйинлари синганидан жон беришарди..."

"Самир" собиқ маҳбус қийноқлар ҳақида:

"Жуда ёмон калтаклашарди. Бир михни тасаввур қилинг, шу михни тошга қоқишдай гап…Чидаб бўлмас эди. Аммо улар тўхтамасдилар. Мен оёқларимни кесиб ташлашса яхши эди бунақа калтаклашдан кўра, деб орзу қилардим".

Манба: Amnesty International

________________________________________

Amnesty International 2015 йил декабридан кейин оммавий қатллар рўй берганми-йўқми, бу ҳақда аниқ далилларга эга эмас.

Аммо ташкилотга кўра, оммавий қатллар тўхтатилди дейиш учун уларда асос йўқ ва эҳтимолки, бу вақт оралиғида яна минглаб одамлар ўлдирилган.

Ташкилотга кўра, айни ҳолат уруш жинояти ва инсониятга қарши жиноятга тенгдир.

Amnesty International ишонишича, бу қатлларни учун Суриянинг олий муфтийси ва Мудофаа вазири ёки Президент Ассад номидан иш кўра оладиган армия штаби бош қўмондони маъқуллаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар