Трамп янги тақиқ киритмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Президент Трампнинг илк фармони АҚШда тартибсизлик ва норозиликларга сабаб бўлган.

Дональд Трамп муайян мамлакатлар фуқароларининг АҚШга киришини чекловчи бошқа янги фармонни имзолаш арафасида.

Унинг еттита мусулмон давлати ватандошларига қарши қаратилган илк фармони АҚШ маҳкамалари томонидан тўхтатиб турилмоқда.

Аммо АҚШ президенти Air Force One мухбирлари билан суҳбатда келаси душанба ё сешанба куни янги тақиқ борасидаги фармонни имзолашини айтди.

Олдинроқ эса Сан Францискодаги шикоят маҳкамаси Трампнинг илк тақиғини тўхтатиб туриш ҳақидаги биринчи маҳкама қарорини қўллаб ҳукм чиқарганди.

Аксар мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқловчи илк фармондан фарқли тарзда, янгисининг тафсилотлари маълум эмас.

Президент Трамп янги фармондаги ўзгаришлар "жуда кичик" бўлишини айтган.

У маҳкамалар тарафидан тўхтатиб турилган илк фармонини қайта ишга солиш учун курашишда давом этишини ҳам таъкидлаган.

"Биз курашда ғолиб чиқамиз" - деган журналистлар билан суҳбатда Дональд Трамп.

"Афсуски, бу учун вақт керак. Биз ғолиб бўламиз. Айни пайтда, бошқа йўлларини ҳам кўрамиз. Масалан, бошқа бир янги фармонни имзолаш мумкин".

Президент сифатида иш бошлаганига бир ҳафта тўлар-тўлмас чиқарган илк фармони Эрон, Ироқ, Ливия, Сомали, Сурия, Яман ва Судан фуқароларининг АҚШ киришини тақиқларди.

Токи маҳкамалар мазкур фармонга қарши ҳукм чиқаргунча, мамлакат бўйлаб аеропортларда тартибсизликлар ва кўп минг кишилик намойишлар келиб чиқди.

Унинг илк тақиқ фармони "мусулмонларга қарши қаратилган душманона муносабатни кўрсатади" деган фикрларни мустҳкамлади.

Негаки, фармон нафақат ноқонуний муҳожирларни, балки қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлган одамларни, ҳаттоки Суриядаги урушдан қочаётган қочқинларни ҳам АҚШга киритмасликни кўзда тутарди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ