Трамп Фаластин давлати ғоясидан воз кечмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alex Wong/Getty images
Image caption Нетаняҳу ёнида туриб журналистларга гапирган Трамп "ажойиб" тинчлик битимини етказиб беришини айтди

БМТ бош котиби Антонио Гутеррес Доналд Трампни Исроил-Фаластин можаросига икки давлатли ечим топиш ғоясини рад қилмасликка чақирди. Унинг айтишича, "бошқа муқобил ечим йўқ".

Аввалроқ Вашингтонда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуни қабул қилган жаноб Трамп ўн йиллар оша кучда бўлган АҚШ сиёсатига зид равишда "тинчликка етаклайдиган ҳар қандай формула"ни қўллаб-қувватлашини айтди.

Бу баёнот фаластинликлар орасида хавотирларни уйғотди. Уларга кўра, Трамп Фаластин давлатчилигига бўлган АҚШ қўллаб-қувватловидан воз кечяпти.

Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари 2014 йилда издан чиққан.

Чоршанбада Нетаняҳу ёнида туриб журналистларга гапирган Трамп "ажойиб" тинчлик битимини етказиб беришини айтди.

Аммо, деди у, икки томон ҳам бир-бирига ён босиши керак.

Трамп, шунингдек, Нетаняҳуни "жамлоқлар қуришни бироз тўхтатиб тур"ишга чақирди.

Айни дамда у ўз куёви яҳудий эканини ҳам эслатиб қўйди.

Трамп ўтган ой президентлик лавозимига келганидан бери Исроил Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда яҳудийларнинг минглаб янги уйлари қурилишига рухсат берган.

Бу уйлар қурилаётган ерни фаластинликлар келгуси давлатлари учун даъво қилишган.

Икки-давлатли ечим ҳақида сўралганда, Нетаняҳу ўз диққатини "тамғалар"га эмас, балки "мазмун"га қаратишни исташини айтди.

Матбуот анжумани ортидан БМТ бош котиби Антонио Гутеррес халқаро ҳамжамиятни икки-давлатли ечимга эришиш учун қўлидан келган барча ишни қилишга чақирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар