АҚШда президентни танқид қилса қамашадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption АҚШ Президенти Трамп телевидениеда кўп мазах қилинади (Суратда актёр Алек Болдуин)

Россиялик депутатлар мамлакат президентининг шаън ва қадрини ҳимояловчи қонун қабул қилиш таклифини асослаш учун Американи мисол сифатида келтирган.

Давлат думаси раиси Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, 2015 йили президент Барак Обамага қарши гапирган 4 киши узоқ муддатга қамалган.

"Россия сўз эркинлиги борасида анча очиқ ва демократик. Нимани исташса ёзади, хоҳлаганини гапиришади. Бу маданиятимизнинг ажралмас бўлагига айланди", - дейди у.

Би-би-си Нью-Йоркдаги мухбири Владимир Козловскийдан Россия қуйи палатаси раисининг бундай гапиришга нима асос бўлганини ўрганишни сўради.

Ўрта мактабдаги можаро

АҚШда давлат раҳбарининг шаъни ва қадрини ҳимоя қилувчи қонун йўқ. Айрим америкаликлар шундай қонун бўлишини истаган бўларди.

Журналист Виктор Скиннернинг 2012 йил 21 майда чоп қилган мақоласи шундай бошланади: "Барак Обама ҳақида бўлмағур гапларни гапириш қонун билан тақиқланган. Бунинг учун сизни ҳибсга олишлари мумкин".

Муаллиф кейинги сатрда уни қаердан олганини изоҳлаган. Шимолий Каролинадаги мактабларнинг биридаги жамиятни танитиш фанидан дарс берган афроамерикалик Таня Диксон-Нили ўз ўқувчиларига шунга ўхшаш гап айтган.

Дарсда ўша вақти президентлик сайловларига республикачилар партиясидан номзод Митт Ромни мактаб вақти гўёки синфдошларига кун бермаганлиги ҳақида хабар муҳокама қилинган.

Ўқувчилардан бири Барак Обама ҳам бу каби қилиқларни қилганини тан олганини айтган. Шунда Диксон-Нили ғазабланиб бақира бошлайди, унинг овозини эса партада ётган мобил телефони ёзиб олаётганди.

"Тўхта! Тўхта! - дея бақирган у - Обама ажойиб президент! Бошқа ҳар қандай президент каби у ҳам ҳурматга лойиқ!"

Унинг қаршисидаги ўқувчи Ромни ва Обама битта лавозимга номзод бўлгани учун иккаласини ҳам танқид қилиш мумкин, дея бўш келмайди.

"Агар бир томонни оқлаётган бўлсангиз, иккинчи томонни шундай қилишингиз керак".

Бу гапга ўқитувчининг янада жаҳли чиқади.

"Биласанми, сен Ромни Обама аллақачон эришиб бўлган нарсага ҳаракат қилаётганини тушунишинг керак. Уни Обама билан солиштириб бўлмайди. Президентга нисбатан ҳуматсизлик қилиш мумкин эмас!"

- Лекин Обама ва Ромни оддий ўладиган одамлар ва иккаласига ҳам бир хил мезон билан қараш керак. Обама Худо эмас! У шунчаки одам, - деган ўқувчи.

Шунда Диксон-Нили бутунлай мантиқни йўқотиб қўяди.

"Бу синфда АҚШ президентига ҳурматсизлик қилишга ҳаққингиз йўқ! Ўқитувчи сифатида одамларнинг АҚШ президентига ҳурматсизлик қилиишларига йўл қўйиб бера олмайман. Фикрларингиз бошқача бўлиши мумкин, бироқ бу ерда унга нисбатан нолойиқ муносабат кўрсатмайсиз!"

Кейин у ўқувчиларга Обамага қилинган танқид туҳматга тенглиги ва у ҳақда ёмон сўзларни гапириш ҳибсга олишлар билан тугаши мумкинлигини тушунтирган.

"Туҳмат қилишингиз мумкин эмас! Бушни ҳақорат қилганликлари учун одамларни ҳибсга олишган. Жамиятни танитиш фани ўқитувчиси сифатида бу ерда мавжуд ва ўтган бирорта президентга нисбатан туҳмат қилишларингизга йўл қўймайман!"

Ўқувчи Обамани танқид қилиш қонун билан тақиқланмагани ва бу нарса АҚШ конституциянинг сўз эркинлигини кафолатловчи Биринчи ўзгартиришига зид келишини айтиб эътироз билдирган.

Ушбу баҳснинг 10 дақиқалик видеосини навбатдаги дам олиш кунлари YouTubeда 167 минг одам томоша қилади.

Маҳаллий мактаб маъмурияти Диксон-Нилининг гапларини шунчалик беъмани деб топганидан уни вақтинча маошини сақлаган ҳолда дарс беришдан четлатиб турди.

Изоҳ қолдиргани учун қамоқхонагами?

Кўплаб америкаликлар мамлакат президентини кўнглига сиққанича танқид қилиши мумкинлигини билади. Ҳозирча бу нарса уларга муаммо туғдирмайди.

Бироқ билдирилган таҳдидлар АҚШ Махфий хизмати ташрифи, гоҳида ҳибслар билан якун топади.

Шунинг учун ҳам кўпчилик шу йилнинг 21 январ куни аёллар маршида иштирок этган хонанда Мадонна тақдирига хавотир билан қаради.

У сўнгги вақтларда қандай қилиб Оқ уйни портлатиб юбориш мумкинлиги ҳақида кўп ўйлаётганини гапирди. Бироқ ўша вақтнинг ўзида теракт ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги айтиб ўтди.

Ҳозирча Махсус хизматлар уни безовта қилмади, бундан кейин ҳам келиши даргумон.

Обаманинг президентлик даврида интернет тармоқларида унинг шаъни ва қадрига қасд қилинганлиги учун ҳибсга олишлар бўлганлигини таъкидловчи хабарлар бот бот чиқиб турди.

Масалан, 2014 йилнинг 12 сентябрида ўнгчиларнинг America's Freedom Fighters сайти "Ҳукумат Обамани Facebookда танқид қилгани учун одамларни ҳибс қилмоқда" сарлавҳаси остида шов-шувли материал чоп қилди.

"Бу мақола сизни ғазаблантиради. АҚШ ҳукумати ўзларини, аниқроғи Барак Обамани танқид қилганларни фаол изламоқда, уларни бирорта айб қўймасдан ҳибсга олмоқда. Бу одамларни руҳий хасталиклар шифохоналарига ётқизишмоқда ва дунёга "тўғри" қарашни ўргатишмоқда. Бу сизга Жорж Оруэлл ёзган китоблардан бирини эслатмаяптими?"

Янада кўпроқ самара бериши учун сайт ушбу кампания қурбонлари ҳарбий фахрийлар бўлаётганини қайта қайта таъкидлаган.

Бу каби жанр муаллифлари мақолага махфий амалиётлар номи билан зеб беришни ёқтиришади.

Мақолада ёзилишича, тўрт йилдан бери олиб борилаётган амалиётга "Огоҳ бургут" номи берилган ва АҚШ ҳукумати истеъфодаги ҳарбийларнинг овозини ёпиш учун кампания олиб бормоқда.

Мақолада Америка жазолантирувчи тиббиёти қурбони сифатида 26 ёшли собиқ денгиз пиёда аскари Брендон Рауб келтирилган.

Гўёки уни Facebookдаги постлари учун нишонга олишгани ва ҳукуматнинг фахрийларга очган уруши доирасида руҳий хастахонага тиқишгани ёзилган.

Мақоланинг ушбу бўлимида Рауб ҳақида Россиянинг RT телеканали олган репортажга ҳавола берилган.

Балки, давлат думаси раиси Вячеслав Володин РБК сайтига "Америкада давлат раҳбарига қарши гапиргани учун бир неча одам узоқ муддат билан қамоққа тиқилган"ини айтаётганда ушбу манбадан фойдалангандир.

Шаҳарлардаги афсоналар ва шубҳали хабарларни фош қилиш билан шуғулланувчи машҳур Snopes сайти маълумотларига кўра, Рауб ростдан ҳам мавжуд одам ва 2012 йилда Facebookда бир қатор постлар ёзганидан сўнг кўрикдан ўтиш учун руҳий хасталиклар шифохонасига мажбуран ётқизилган.

Унинг яқинлари ва адвокати аввалига ҳукуматни Биринчи ўзгартириш кафолатлайдиган сўз эркинлиги ҳуқуқини бузганликда айблашди.

Аниқ бўлишича, полиция Раубнинг ижтимоий тармоқларда қолдирган постлари сабаб унга қизиқиш билдирган. Бунга у томондан Facebook ва бошқа чатларда қолдирган таҳдидларига ўқувчиларнинг хавотири сабаб бўлган.

2012 йилнинг 16 август куни полиция ўқувчиларнинг шикоятига эътибор қаратди. Рауб ўзига ва бошқаларга хавф туғдирмаслигини текшириш учун унинг уйига келишди.

У билан гаплашган полиция ходими собиқ денгиз пиёда аскарининг қўшимча кўрикка эҳтиёжи бор деб топади. Бироқ пресс-релиздан маълум бўлишича, Рауб полиция ходими билан мутахассисга ўз ихтиёри билан боришдан бош тортади.

Ўшанда унинг қўлига кишан солинади.

Раубни олиб борган маҳаллий психиатр уни вақтинча ушлаб туриш керак деган қарор беради ва Раубни тиббиёт марказига олиб кетишади.

Унинг собиқ бўлинма қўмондони Шон Лоулер Рауб постида ёзилган таҳдидларни амалга оширишга қодир эканлигини ва полиция тўғри йўл тутганини айтган.

Тергов Федерал бюроси унинг ходимлари Раубни Facebookдаги изоҳлари учун сўроққа тутганини тасдиқлади. Бироқ уни ҳукуматга қарши гаплари учун ҳибсга олишганини рад этди.

Бир ҳафта ўтиб ҳакам Раубни қўйиб юбориш ҳақида ҳукм чиқарди. Лекин 2014 йилнинг июль ойида уни педофилликда айблаб яна ҳибсга олишди.

Snopesнинг ёзишича, Раубнинг полиция билан илк учрашувидан сўнг интернет тармоқларида "Огоҳ бургут" номли ваҳимали амалиёт ҳақида миш-мишлар йиллар давомида айланиб юрган.

Лекин сайт Facebookда Обамани танқид қилгани учун ҳибсга олинган фахрий ҳарбийлар ҳақида ишончли хабар топа олмаган.

Рауб Facebookдаги изоҳи учун психиатр кузатуви остида бир ҳафта мажбуран ётқизилган ягона америкалик бўлиб қолмоқда.

Қонун қандай ишлайди?

"Огоҳ бургут" амалиёти ростдан бўлган. У тергов федерал бюроси томонидан потенциал террористларни топиш учун ўтказилган.

Махсус хизмат ходимлари шу йўл билан ўнг ва сўлчи экстремистлар ичидан "ёлғиз бўри"ларни аниқлаган.

Мабодо АҚШда давлат раҳбарига нисбатан гаплари учун жазолашганда ҳам ушбу жазо қамоқ муддатигача етиб бормаган бўларди. Федерал қонунлар туҳматга қарши, лекин уни жиноят сифатида кўриб чиқмайди.

Айрим штатлардаги қонунлар бундан мустасно, лекин уларда ҳам туҳмат учун деярли қамоқ жазоси берилмайди. Қамоққа ҳукм қилинган тақдирда ҳам ўртача 173 кун беришади. Кўп ҳолларда 1700 доллар миқдорида жарима белгиланади.

Президент шаънига нисбатан айтилган ҳақоратлар учун федерал қонунлар бўйича маҳкамага тортилади. Шунинг учун Володиннинг афсонавий диссидентлари ҳар қандай йўл билан ҳам қамоққа тиқилиши мумкин эмас.

Давлат ўз раҳбарининг шаъни ва қадрини ҳимоя қилмаса бу унинг ўзи ҳам ҳимоя қила олмаслигини англатмайди.

АҚШ президенти ОАВ ва фуқароларни туҳмат қилганлиги учун маҳкамага беришга ҳаққи бор. Бироқ ҳар бир президент шаънига нисбатан турли бўхтонлар ёғилса ҳам бирорта президент ушбу ҳуқуқдан деярли фойдаланмаган.

Биринчидан, Америка давлат раҳбарининг бундай ишларни ютиб чиқиш имкони жуда қийин, чунки у эстрада, ОАВ, бизнес ва сиёсат олами ичидаги таниқли одамларга нисбатан айтиладиган "жамоат фаоли" таснифига тўғри келади.

Кўплаб Оврўпо давлатларидан фарқли равишда АҚШда бу каби шахслар учун исботловчи далиллар шу даража кўп талаб қилинадики, кўплар туҳматчини четда, асосан Британияда маҳкамага беришни афзал билади. Британияда туҳмат ҳақидаги қонунлар жабрланувчига нисбатан анча хайрихоҳ.

АҚШда машҳур шахслар уларга нисбатан туҳмат қилинганини исботлаб бериши камлик қилади. Улар бу нарсани ёвуз мақсадларда қилганини ҳам исботлаши керак. Бу нарсани исботлаш эса ўта мураккаб.

Иккинчидан, президентлар "Стрейзанд таъсири" номли машҳур хонанда ва актрисалар шаънига айтиладиган тамғадан қочишади.

Хонанда Стрейзенд 2003 йили Малибудаги уйининг суратларини чоп қилиш тўхтатишни сўраб маҳкамага мурожаат қилади. Натижада унинг уйи суратлари шунақанги кенг тарқалдики, хонанда истаганининг том терсини олди.

Президент томонидан қўзғатилган иш ҳам ҳудди шундай акс таъсирга эга бўлиши мумкин, шунинг учун ҳам улар бундай йўл тутмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар