136 турк дипломатлари Германиядан бошпана сўраган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ўзига қарши амалга ошмай қолган давлат тўнтариши ҳаракати иштирокчиларини жазолашни давом эттирмоқда

Германиянинг билдиришича, ўтган июлда Туркияда юз берган давлат тўнтариши ҳаракатидан бери 136 турк дипломатик паспортига эга шахс Германиядан сиёсий бошпана сўраган.

Туркия Германиядан ҳарбий зобитларга бошпана бермасликни сўраган.

Бошпана сўраганлар ичида Германиядаги НАТО базаларида жойлашган турк зобитлари бор.

Грецияда ҳам икки турк аскарлари бошпана сўрашган.

Десант экани хабар қилинаётган икки аскар Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга қарши амалга ошмай қолган давлат тўнтариши ҳаракатида иштирок этганлари ишонилади.

Улар ўтган ҳафта турк-грек чегарасидаги Орестиада шаҳрида бошпана сўраганларидан бери Греция полицияси қўлида ушлаб турилибди.

Ўтган ой Греция суди давлат тўнтариши ҳаракати ортидан қочиб келган саккиз турк аскарини ватанига қайтариш бўйича Туркия талабини рад қилди.

Туркия мазкур қарорга қарши шикоят қилган.

Германия ички ишлар вазири бошпана сўраган 136 туркнинг исм-шарифларини ошкор қилмади.

Дипломатик паспортлар нафақат дипломатлар, балки уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандларида ҳам бор.

Уларнинг аризаси қондирилгани ё қондирилмагани ҳозирча номаълум.

Қочқин аскарлар Туркияда адолатли маҳкамага тортилишларига ишонмасликларини айтганлар.

Туркия ҳукумати айни дамда 100 минг давлат идоралари ходимлари, жумладан ўқитувчилар, полиция зобитлари ва адлия ходимларини ишдан бўшатган.

Ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган.

Туркия ҳукумати уни тўнтаришга уринганлар АҚШда қувғинда яшовчи руҳоний Фатҳулло Гуланнинг тарафдорлари эканига ишонади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар