Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувда қурбонлар бор

Тоғлт Қорабоғ Фото муаллифлик ҳуқуқи Thomas Koerbel/TASS

Озарбайжон ва Арманистон харбийларининг хабар беришича, Тоғли Қорабоғ ҳудудида қуролли тўқнашувлар рўй берган. Икки томонда ҳам йўқотишлар борлиги айтилмоқда. Ҳалок бўлганлар сони борасида маълумот йўқ.

Расмий Бокуга кўра, жабҳанинг Хўжавенд-Фузулий йўналишида қуролли тўқнашув бўлган.

Икки мамлакатнинг можаро борасидаги маълумотлари бир-бирига зид келмоқда.

Озари ҳарбийларга кўра, "Арманистон томони Озарбойжон армияси эгаллаб турган жабҳага тунда кенг миқёсли ёриб ўтишни бошлаган"

"Душман стратегик тепаликларни қўлга киритишга ҳаракат қилди. Озарбойжон ҳарбийлари арман томонини йўқотишлар билан чекинишга мажбур қилди. Озарбайжон қуролли кучларида ҳам йўқотишлар бўлди", - дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Арманистон томонининг таъкидлашича, арманлар томонидан қилинган "ҳужум" хабари ҳақиқатга мос эмас.

"Озарбайжоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти бир неча кундан бери Қорабоғ ва озар аскарлари ўртасида вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилмоқда ва бўҳтон хабар тарқатмоқда", - деган Арманистон Мудофаа вазирлиги.

Еревандагиларнинг айтишича, арман томони оташкесим режимига амал қилмоқда ва Озарбайжон томонини вазиятни янада кескинлаштиришдан тийилишга чақиради.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси раҳбарияти ҳам ўз навбатида Озарбайжон томонини шанба куни тунда бўлган қуролли тўқнашув борасида ёлғон хабар тарқатишда айблади.

Уларнинг таъкидлашича, икки томон ўртасидаги туташ жойларда турган Озарбайжон қуролли кучлари ҳужумга ўтишган, лекин талофатлар билан ортга чекинишга мажбур қилинган.

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ минтақаси туфайли можаролар 1988 йилда бошланган. Ўшанда арманлар кўпчиликни ташкил қилган Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг