"Оскар-2017": Қайси фильм энг зўри?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳар доимгидек, Лос-Анжелесдаги "Оскар" маросими сўнггида "энг зўр" фильм эълон қилинади.

Бу сафар айни мақом учун тўққизта фильм талашмоқда.

Хўш, уларнинг қайси бири ва нега бу мукофот учун илгари сурилган? Асосийси, қай бирида ғалаба имконияти каттароқ?

"Ташриф" ("Arrival")

Фото муаллифлик ҳуқуқи Paramount Pictures

Режиссёр Денис Вильнёвнинг "Ташриф" фильми фантастика жанрида бўлиб, ерга тушган ўзга сайёраликлар тилини америкалик ҳарбийларга таржима қиладиган Луиза Бенкс исмли аёл ҳақида.

Унга ҳатто келажакда туғилажак қизи саратон боис оламдан ўтишини ҳам башорат қилишади. Танқидчиларга кўра, қатор мукофотларга қарамай, "Ташриф" фильми "Оскар"нинг энг зўрини ололмаса керак.

"Тўсиқлар" ("Fences")

Фото муаллифлик ҳуқуқи PARAMOUNT PICTURES

Актёр ва режиссёр Дензел Вашингтон ишлаган фильм 1950-йиллардаги Америка ҳаётини акслантиради.

Бош қаҳрамон Трой Макстон уйда ҳаммани ва барча нарсани бошқаради.

Афтидан, рафиқаси Розани ҳам севмайди. Аммо фильм ўртасида содир бўлган бир воқеа хотини Розанинг сабр косасига томган сўнгги томчи бўлади. (Биз буни энди айтмай қўя қолайлик).

Актёрлар маҳорати олий баҳоланса-да, фильм "энг зўрлар" қаторида хато бўлиб тургандек, деган истиҳолалар айтилмоқда.

"Виждон амри билан" ("Hacksaw Ridge")

Фото муаллифлик ҳуқуқи SUMMIT

Мел Гибсон олган мазкур фильм ҳаётий ҳикоя - шифокор Дезмонд Досс тақдири асосида ишланган.

Фильм қаҳрамони Иккинчи Жаҳон Урушига чақирилганда, қўлига қурол олишдан бош тортади: Унинг насроний ахлоқий қарашлари ва қаттиққўл отаси бунга сабаб бўлади.

Лекин фильм қаҳрамони урушда 75 инсон ҳаётини асраб қолади.

"Виждон амри билан" ҳозир 9 фильм ичидан 7-ўринга қўйилгани боис, бошқа рақибларини енгиб чиқиши қийин бўлиши мумкин.

"Нима қилиб бўлса ҳам" ("Hell or High Water")

Фото муаллифлик ҳуқуқи STUDIOCANAL

Дэвид Маккензи ишлаган фильмда собиқ жиноятчи ва унинг иниси оналари ўлимидан кейин оила мулкини сақлаб қолиш учун банкни ўмаришга қарор қилишади.

Фильм ҳали 2016 йил августида кинотеатрларга чиқарилган, лекин на томошабин, на танқидчилар эътиборига тушди.

"Илғанмас одамлар" ("Hidden Figures")

Фото муаллифлик ҳуқуқи TWENTIETH CUNTURY FOX

Режиссёр Теодор Мелфи ўз фильмида СССР билан АҚШ ўртасида фазовий пойга кетаётган 1960-йиллари НАСАга ишга кирган уч нафар қора танли математик аёлни тасвирлайди.

Қора танли олима аёл қанчалик ўз ишининг устаси бўлмасин, қаҳвасини қора танлилар учун ажратилган махсус чойнакдан қуйиб ичади.

Атиги 40 дақиқалик танаффусини эса қора танлилар учун ажратилган узоқдаги махсус ҳожатхонага бориб-келиш учун сарфлашга мажбур.

"Илғанмас одамлар" кутилмаганда энг зўр фильм, деб топилиши ҳам мумкин. Чунки ҳозир уни кўриш учун кинотеатрларга томошабинлар оқиб келишмоқда.

"Ла-Ла Ленд" ("La La Land")

Фото муаллифлик ҳуқуқи LIONSGATE

Дамиен Шазель ўз фильмини мусиқий жанрда суратга олган. "Ла-Ла Ленд" - Ҳолливудга кириш оддий одамлар учун нақадар қийинлиги ҳақида.

Бу фильм атрофида жуда кўп шов-шув кўтарилди.

Аммо уни танқид қилганлар ҳам ўта шафқатсиз фикрларни айтиб, фильмни "бири пулга қиммат" деб тасвирлашмоқда.

Шунга қарамай, "Ла-Ла Ленд" энг зўр фильм сифатида тан олиниши эҳтимоли жуда катта.

"Шер" ("Lion")

Фото муаллифлик ҳуқуқи ThE WEINSTEIN COMPANY

Гарт Дэвис режиссёрлик қилган "Шер" фильми бир неча йил олдин содир бўлган ҳаётий ҳикоя асосида қурилган.

Ёш болалик пайти ўз оиласини йўқотиб, бошқа хонадон ва ўлкада ўсиб-улғайган ҳинд болакай ўз ота-онаси ва уйини топиш истагидан ҳеч қачон воз кечмайди.

Улғайгач, болалик хотирасини ишга солиб, уйи атрофи ва маҳалласидаги бинолар ҳамда таниш манзараларни эслайди. Ёдига тушган тасвирларни эса Google Earth интернет қидирув харитасига солиб, ниҳоят, оиласини топади.

Фильмни кўрган томошабинлар ўзларини йиғидан тўхтата олишмаяпти.

Актёрлар - Дев Пател ва Николь Кидман ҳам сценарийни ўқиган пайтда йиғлашганини айтишди.

Хуллас, "Шер"нинг энг катта "ўлжа"ни илиб кетиш имконини рад этиш қийин.

Фильмни кўрмоқчи бўлсангиз, ўзингиз билан икки-учта дастрўмол олишни ҳам унутманг.

"Денгиз бўйидаги Манчестер" ("Manchester by the Sea")

Фото муаллифлик ҳуқуқи STUDIOCANAL

Кеннет Лонерганнинг фильми ўз акаси ўлимидан кейин жиянини боқиб олган эркак ҳақида. Унинг ўзи эса ҳали ёнғинда нобуд бўлган фарзандлари учун аза тутади.

Фильм жуда оғир. Аммо "Оскар" мукофоти, одатда, оғир фильмларни хуш кўради. Шу боис ҳам унинг мукофотни ютиш эҳтимоли 4-ўринга қўйилган.

"Ой нури" ("Moonlight")

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALTITUDE FILM

Барри Дженкинснинг фильми ёш йигит Хирон ҳаётини уч тарафдан кўрсатади: Унинг ўта қашшоқ ҳаёти, банги онасини эпга солиш ҳаракатлари ва ўз жинсий майлини жиловлаш йўлидаги қийинчиликлари.

У гей ва ўспиринлик пайти бир марта шундай алоқада бўлади. Аммо Хирон яшайдиган муҳит гейликни асло қабул қилмайди.

"Ой нури" энг зўр фильм бўлиш рўйхатида иккинчи ўринда ва ҳозиргача бир талай мукофотларни ҳам қўлга киритган.

Хуллас, "Ой нури"нинг "Оскар" оқшомини ёритиб, ғолиб бўлиш эҳтимоли катта.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу ҳикояни баҳам кўринг Баҳам кўриш ҳақида

Бу мавзуда батафсилроқ