Москвада "Немцов марши"

Михаил Касьянов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption ПАРНАС раҳбари Михаил Касьянов юзига кимдир зелёнка сепган.

Мухолиф сиёсатчи Борис Немцов хотирасига бағишланган Москвадаги маршда минглаб одамлар иштирок этишган.

Борис Немцов 2015 йил 27 февраль куни Кремлдан унча узоқ бўлмаган жойда ўлдирилганди.

Бошида 30 минг иштирокчи кутилган эса-да, полиция юришда 5 минг киши қатнашгани айтаётир.

Аммо ташкилотчилар бу рақамни 15 минг, дейишмоқда.

Қатнашчилар кўлларида турли хил шиор ва талабларни олиб чиқишган. Уларнинг барчаси Кремль сиёсатини ва Украинадаги Россия аралашувини қоралайди.

Одамлар, хусусан, "Украина билан уруш - Путиннинг жинояти", "Путинсиз Россия" ёки "Мен Қрим ишғолига қаршиман" деган шиорларни кўтариб олишган.

"Солидарность" ҳаракатидан Илья Яшиннинг айтишича, марш қатнашчилари Немцовнинг ўлдирилиши ишини охиригача етказиш ва буюртмачиларни топиб жазолашни талаб қилишган.

Октябрь ойида Немцовни ўлдиришда айбланган 5 нафар чечен миллатига мансуб шахс устидан маҳкама бошланганди.

Терговчиларга кўра, қотилликни амалга оширган Заур Дадаев илгари Чеченистон президенти Рамзан Қодиров қўли остида ишлаган. Бироқ Чеченистон раҳбари айни ишга ўз алоқаси борлигини қатъиян рад этади.

Владимир Путин ҳам ўз мухолифатчисининг ўлдирилишини кескин қоралаб чиққанди.

Лекин Кремль танқидчиларига кўра, аслида, мухолифатчиларни қўрқитиш ва танқидчилар оғзини ёпиш учун Борис Немцов ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Борис Немцов суратларини кўтариб олган марш иштирокчилари.

Юришда турли мухолифат гуруҳлари, хусусан, ПАРНАС, "Яблоко", "Солидарность", ("Бирдамлик"), "Открытая Россия" ("Очиқ Россия") иштирок этишган. Шунингдек, Алексей Навальнийнинг рўйхатга олинмаган "Прогресс" ("Тараққиёт") партияси ҳам бўлган.

Маршни бошқарган ПАРНАС раҳбари Михаил Касьянов юзига кимдир зелёнка сепиб кетган. Россия матбуотига кўра, у шахс қўлга олинган.

Москва ҳокимияти рухсати билан ўтказилган юриш иштирокчилари Немцов ўлдирилган жой - Большой Москворецкий кўпригига боришмаган. Балки Пушкин номидаги майдондан юриб ўтиб, ниҳоят Академик Сахаров шоҳкўчасига чиқишган.

Немцов хотирасига нафақат Москвада, балки Қозон, Киров, Новосибирск, Пермь, Санкт-Петербург ва Ульяновск шаҳарларида ҳам турли тадбирлар ўтказилган.

Тадбирда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳоллари бўлмагани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу ҳикояни баҳам кўринг Баҳам кўриш ҳақида

Бу мавзуда батафсилроқ