Нима учун Германияда Эрдўғанни ман қилишга чақириляпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Германия, Швейцария ва Австрияда Дениз Ючелнинг озод қилиниши талаби билан намойишлар ўтмоқда

Германия ва Туркия фуқаролигига эга журналист Туркияда террор тарғиботини ёйишда расман айбланишидан бир кун ўтиб Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэл икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганини билдирди.

Германиянинг Die Welt газетаси мухбири Дениз Ючелнинг ҳибсга олиниши немис сиёсатчилари ва матбуот арбобларининг ғазабига сабаб бўлмоқда.

Баъзи сиёсатчилар ҳатто Туркия сайловлари олдидан Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга тарғибот кампанияси билан Германияга келишга рухсат бермасликка чақиришмоқда.

43 ёшли Ючел ўтган ойларда Туркияда ҳибсга олинган 150дан ортиқ журналистнинг бири бўлмоқда.

У 2015 йил май ойидан бери Die Welt газетасининг Туркиядаги мухбири бўлиб ишлаб келган.

Уни 14 февралдан бери ушлаб туришибди.

Ючелнинг адвокатига кўра, у террор ташкилотига аъзолик, тарғибот ёйиш ва маълумотни суистеъмол қилишда айбланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/getty images
Image caption Ючел фош қилинган имейллар ҳақида хабарлар қилган

Ючел иши Президент Эрдўғаннинг куёви Берат Албайракнинг электрон почтаси фош қилишинига боғлиқ.

Албайракнинг электрон почтаси Wikileaks томонидан фош қилинган. Президентнинг куёви ўз мактубларида давлат матбуотини назорат остига олиш, ҳамда Твиттер фойдаланувчилари ёрдамида жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишни муҳокама қилган.

Мазкур имейлларга боғлиқликда яна олти турк журналисти ҳибсга олинганлар.

Истанбул маҳкамаси Ючел маҳкама санаси эълон қилингунча ҳибс остида қолиши борасида қарор чиқарди. Маҳкама санаси ноаниқ.

Германия ҳукумати Туркиянинг элчисини чақиртириб ўз норозилигини изҳор қилди.

Ташқи ишлар вазири Габриэлнинг айтишича, ҳеч қандай демократик мамлакат журналистларни таъқиб қилиш учун ўз адлия тизимини "суистемол" қилмаслиги керак.

Канцлер Ангела Меркел ҳам ҳафсаласи пир бўлганини айтиб, Ючел иши қонуний ва одилона тарзда кўрилишига чақирди.

Туркия келгуси ой президентлик ваколатларини кучайтириш бўйича референдум ўтказиши кутилади.

Туркиядан ташқарида энг катта турк аҳолисига эга бўлган Германияга Эрдўғаннинг ўзи келиб референдумни тарғиб қилиши мўлжалланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар