Ибодат: кунда ҳам, кулфатда ҳам

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Ahmedova

Ибодат - ким учун кундалик фарз, ким учун оғир дамда юпанч.

Тошкентдаги Мустақиллик майдони четида намоз ўқиётган мана бу болакай мусулмонлар ибодатни ҳеч қаерда канда қилмаслигини намойиш этади.

Суратни 2001 йили тасвирчи Умида Аҳмедова олган.

Image caption Исломий тўй. Татаристон.

Қозонлик Комил ва Наргиза никоҳ маросимида дуога қўл очишмоқда.

Ёшлар аввало Оллоҳга тиловат қилишди ва ўзларига бахт, ота-оналарига узоқ умр сўрашди.

Татар ёшлари орасида ҳозир Исломий тўйлар оммалашмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳиндулар АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп учун тиловат қилишмоқда.

Бу Ҳинду Сена ибодатхонаси диндорлари АҚШ янги раҳбари мусулмонларга қарши мавқени эгаллагани учун уни ёқлаб, ҳаққига дуо бажо келтиришмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нигерияда Боко-Ҳаром Исломий жангари гуруҳи ўғирлаб кетган 276 нафар ўқувчи қизларнинг бир гуруҳи.

Гаровгирлар чиқарган мана бу тасвирда ёш қизлардан баъзилари ўзларининг озод этилишлари учун дуо қилишмоқда.

Ўғирланган қизларнинг аксарияти ҳамон бедарак.

Афғонистон шимолидаги суфийлар зикр тушишмоқда. Тасаввуф бу ерларга асли Ўзбекистондан келган.

Нақшбандия ва Қодирия тариқатлари вакиллари ҳар ҳафта тўпланишади.

Суфийлар ибодати кўпроқ ўзбек ва тожик мақомларини эслатувчи хондалардан ҳамда зикр рақсидан иборат.

Қуддусдаги Йиғи Девори олдида либерал яҳудий аёл тиловат қилмоқда.

Исроил ҳукумати муқаддас қадамжода аёл-эркак ёнма-ён ибодат қилишига изн бераркан, мўътадил яҳудийлар айни қарорни байрам қилиб юборишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Soviet Archives

Бокс афсонаси Муҳаммад Али Самарқанддаги масжидда намоз ўқимоқда.

Совет Иттифоқи 1978 йили уни таклиф қилганди.

Машҳур спортчи сафари давомида СССРнинг энг йирик мусулмон республикаси - Ўзбекистонга келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Владимир Путин православ насроний байрамларида черковга бориб туради.

Кремль раҳбари ҳокимиятга келиши биланоқ черковни ўзига қаратишга интилган.

Президент Путин неқадар чин дилдан ибодат қилиши маълум эмас, аммо динга қайтаётган русларнинг кўнглини овлаш - россиялик сиёсатчилар учун муҳим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мисрда айрим мусулмонлар насроний ҳамюртлари билан бирдамлик ва дўстликни намойиш этишмоқда.

Мамлакатдаги христиан озчилик таъқиб ва ҳужумларга тутиларкан, айрим мусулмонлар уларни ҳимоя қилишга интилмоқдалар.

Мана бу мисрлик байроқни жойнамоз қилиб, кўзойнагида ҳам ҳилол ва ҳам хоч тасвирини туширган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anurup Titu

Роҳинга мусулмони эски қайиқда қолган оиласи учун омонлик сўраб, илтижо қилмоқда.

Бирмада мусулмонлар қирғини тўхтатамаяпти. Бу оила ортга қайтса, эркаклар ўлимга, аёллар таҳқирга дучор бўлади.

Аммо деярли ҳеч бир давлат Бирмадаги буддист экстремистлар ва ирқчилардан қочишга чора тополмаётган Роҳинга мусулмонларига ёрдам бермаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rob Leutheuser

Ироқлик Язидий эркак ўз қизалоғи билан ибодат чироғини ёқмоқда.

Язидийлар ИШИД тарафидан ўлдирилаяпти, қизлар ва ёш аёлларни эса исломий жангарилар жория сифатида қул қилиб сотишмоқда.

Бу қадимий динни айрим мусулмонлар "оташпарасат ва мажусий", деб аташади.

Лекин Язидийликда ҳам Насроний, ҳам Исломий жиҳатлар мужассам.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SHUTTERSTOCK/BENEDICTE DESRUS

Кўпинча жамият четга итқитадиган инсонларда ҳам Худо ва эътиқод тушунчалари кучли бўлади.

Мексиканинг кекса фоҳишалар яшайдиган қариялар уйидаги барча хонада Исо пайғамбар сурати осилган.

Диний олимларга кўра, одатда, ёшлигида фоҳишалик қилганлар кексайганда тақво йўлига ўтишади ва ҳар куни Худодан мағфират сўрашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official site

Гулнора Каримова очиқ-сочиқ кийимларида ҳар вақт зиёфатларнинг гули эди.

Аммо бошига қора булутлар кела бошларкан, у рўмол ўраб, қўлида тасбеҳ тутган расмларини интернетга қўйди.

Мухлисларига эса бир неча йилдан бери намоз ўқишини ҳам билдирганди.

Рим папаси Франциск Худо ва Исо олдида "ердек паст"лигини намойиш этиш учун ётиб, ибодат қилмоқда.

Папа Франциск ўзининг қанчалик хокисор ва кўнгли очиқлигини кўрсатишга кўп интилади.

У мусулмонлар ёнида намоз ўқиган, Европага келган африкалик ва мусулмон қочқинлар оёқларини ювиб, ўпган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи pinterest.com

Ибодат орқали баъзида сиёсий мужда ҳам етказилади.

Мартин Лютер Кинг 1965 йилнинг 1 февраль куни Алабамада ташкил этилган тенг ҳуқуқлилик юришида маслакдошлари билан бирга ибодат қилмоқда.

Аммо айни кун тарихда "қонли якшанба" бўлиб қолди.

Кобуллик Шиа мусулмони Ашура маросимида пичирлаб, тиловат қилаяпти.

Бу кунни шиалар Имом Ҳусайннинг ўлдирилиши сифатида хотирлашади.

Шиалар йиғлашади, қонли байроқни ўпишади ва юзларини тиғлаб, занжир билан кўкракларига урадилар.

Доғистонлик талаба йигит Москванинг -20С даража совуғида, қор устида намоз ўқимоқда.

Россия пойтахтида янги масжидлар қурилмоқда, аммо жума кунлари улар торлик қилади.

Мусулмонлар қишин-ёзин масжид ҳовлилари ва ҳатто кўчаларда намоз ўқишга мажбурлар.

Спортчилар баъзида шундоқ омма кўзи олдида ибодат қилишади.

Улар ғалаба сўраб, ўз динлари одатини бажарадилар.

Сўнгги йиллари Ғарбдаги мусулмон футболчилар ўйин олдидан майдон четида ҳатто намоз ўқиб олган ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz bergan rasm

Ўзбекистонлик штангачи Руслан Нуриддинов Рио-2016 Олимпиадасида олтин медаль олиши ортидан, шукур қилмоқда.

Жонли эфирда у "Оллоҳимга шукур" деган.

Аммо Ўзбекистон телеканаллари айни муҳим лаҳзаларни қайта кўрсатганда, спортчининг Оллоҳга шукур айтганини кесиб ташлашган.

Ўзбекистонда диний эътиқод ва уни қандай намойиш ё изҳор этиш қаттиқ назорат остида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uz24.uz

Туркия ва Ўзбекистон президентлари Самарқандда Ислом Каримов қабри бошида.

Жаноб Эрдўған Ўзбекистон марҳум президенти қабри устида Қуръон тиловат қилган биринчи давлат раҳбари бўлди.

Ўш шаҳридаги Сулаймон Тоғида қирғиз болакай ибодат қилмоқда.

Марказий Осиёдаги қадим мажусий одатлар узоқ асрлик Ислом даврида ҳам яшаб қолган.

Ибодат амаллари ноисломий бўлса-да, мазкур жараёнда Қуръондан оят ҳам ўқилади.

Гейлар ва уларга хайрихоҳ инсонлар Орландодаги гей клубига қилинган ҳужумда ўлдирилганлар учун ибодат шамларини ёқишмоқда.

Бесоқолбозликни қарийб барча динлар қоралашади, аммо бу жамоа орасида диндорлар ҳам оз эмас.

Сўнгги йиллари эса Ғарбдаги насроний ва мусулмон гейлар ўзлари учун алоҳида черков ё масжидлар очишмоқда.

Ҳинд аёли ашрам ичкарисига кира олмай, ташқарида Яратганга ёлвормоқда.

Ҳиндистондаги аксар ҳинду мазҳаблари аёлларнинг ибодатхона ичига қадам босишларини тақиқлайди.

Илгари ҳатто эри ўлганда хотини ҳам қўшиб ёқилган.

Бева қолган ҳинду аёли ярим ўлик саналади ва у бутун дунё лаззатидан, ҳатто ширинлик ейиш, мусиқа тинглаш ва қайта оила қуриш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилади.

Энди эса аёллар бу одатларни йўқотиш йўлида курашишмоқда.

Перудаги шомонлар қадим диний одатларини бажаришмоқда.

Европалик истилочилар маҳаллий халқларни турли йўллар билан христианликка киритишган.

Аммо овлоқ тоғли минтақаларда ҳамон шомонлик ва бошқа бошланғич динлар сақланиб қолган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ