АҚШ Бош прокурорининг Россияга алоқаси қандай?

АҚШ Бош прокурори Жефф Сешнс Президент Доналд Трампнинг сайловолди кампанияси даврида Россиянинг элчиси билан учрашган, аммо Конгресс мажлисида "россияликлар билан ҳеч қандай мулоқот" қилмаганини айтган.

АҚШ Адлия вазирлиги тасдиқлашича, Сешнс ўтган йилги президентлик кампанияси чоғида Вашингтонда икки марта Россия элчиси билан учрашган.

Январь ойида унинг АҚШ адлия вазирлиги раҳбари этиб тайинланишидан олдин ўтган Конгресс мажлисларида у АҚШ президентлик кампанияси давомида Россия вакиллари билан учрашганини қатъий рад этганди.

Аммо, чоршанба куни Washington Post хабар қилишича, ўтган йили Алабама сенатори бўлган Жефф Сешнс икки марта Россия элчиси Сергей Кисляк билан учрашган.

Вакиллар палатасидаги демократлар лидери Ненси Пелоси уни қасамёд остида ёлғон гапирганликда айблаб, истеъфосини талаб қилди.

Шунингдек, демократлар Сешнс зудлик билан Москванинг АҚШ президентлик сайловларига таъсири борасида ўтаётган FBI терговидан четлатилишини сўрашмоқда.

Адлия вазирлиги раҳбари сифатида Сешнс Америка махсус хизматлари фаолиятини назорат қилади ва FBI ўтказаётган ҳар қандай тергов ҳақида маълумотни билиб олиши мумкин.

Жефф Сешнс баёнот чиқариб "ҳеч қачон Россия ҳукумати вакиллари билан сайловларга боғлиқ қандайдир масалаларни муҳокама қилиш учун учрашмаганман", деди.

Лекин, Америка адлия вазирлиги тасдиқлаган маълумотга кўра, 2016 йил сентябрида Сешнс Сенатдаги қуролли кучлар қўмитаси аъзоси бўла туриб Кислякни ўз кабинетида қабул қилган. Аввалроқ эса Кисляк қатор бошқа элчилар билан Сешнс кабинетида бўлган.

Оқ Уй Сешнснинг ҳимоясига ўтди ва мазкур можарони "демократларнинг Трамп маъмуриятига қарши навбатдаги ҳужуми" дея атади.

Демократлар фикрида, республикачилар, хусусан Доналд Трамп жамоаси демократлар номзоди Ҳиллари Клинтоннинг обрўйини тўкиш учун Россия билан тил бириктирганлар, ҳамда Клинтонга тегишли махфий миллий хавфсизлик маълумотларига кибер ҳужумлар қилинишига йўл қўйиб берганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар