Алишер Усмонов Медведевга уй ва ер совға қилганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Терговга кўра, ернинг "Соцгоспроект"га берилиши 2010 йилда, яъни Медведев президент бўлган вақти юз берган

Россияда мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальный гўёки Бош вазир Дмитрий Медведевга алоқадор кўп сонли кўчмас мулклар бўйича терговини ошкор қилди.

Бош вазир матбуот котибининг айтишича, бу сайловлардан олдин тарқатилган тарғиботдир.

Навальныйнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК) билдиришича, ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Медведевнинг икки курсдоши бошқарадиган "Соцгоспроект" жамғармасига 4,3 гектар ер ва уй ҳадя қилган.

Навальный жамғармаси қиймати 5 миллиард рубль (85 миллион доллар)га тенг дея баҳолаётган бу кўчмас мулкни "Соцгоспроект"га ҳадя қилган шахснинг Росреестрдаги исми Алишер Бурханович Усманов дея қайд этилган.

Терговга кўра, ернинг "Соцгоспроект"га берилиши 2010 йилда, яъни Медведев президент бўлган вақти юз берган.

"Соцгоспроект"га Медведевнинг курсдошлари Илья Елисеев ва Алексей Четвертков раҳбарлик қилишади.

Москва ташқарисида Рублево-Успенском шосседаги Знаменское посёлкасида жойлашган мазкур кўчмас мулк нима учун Усмонов томонидан ҳадя этилгани айтилмаган.

ФБК терговида таъкидланишича, Россия Бош вазири Медведев ўз курсдошлари бошқарадиган қатор нотижорий жамғармалар тармоғи орқали катта мулкка эгалик қилади.

Хусусан, жамғарма офшор компаниялар номига ҳужжатлаштирилган Италиянинг Тоскана вилоятидаги узумзорлар ва яхтани аниқлаган.

"Ягона Россия партиясининг раҳбари (Медведев) бутун мамлакат бўйлаб кўчмас мулкка эгалик қилади, энг қимматбаҳо туманлардаги ерлар, яхталар, қадимий данғиллама уйлардаги квартиралар, Россия ва хориждаги қишлоқ хўжалиги комплекслари ва шарбат етиштириш корхоналари унга тегишлидир.

Навальный жамғармаси вакиллари Дмитрий Медведевга боғлиқлиги гумон қилинаётган жамғармаларни текширишни сўраб Тергов қўмитаси, Адлия вазирлиги, Президент девонхонаси ва бошқа идораларга мурожаат қилган.

Россия Бош вазирининг матбуот котиби Наталья Тимакова "суд айбдор деб топган мухолифатчи кимсанинг қилиқлари"га бирон шарҳ билдириш фойдасиз эканини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар