Секс дарси Англиянинг барча мактабларида ўқитилади

Angliya maktabida jinsiy tarbiya darsi Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library

Секс ва алоқалар фани Англиянинг барча мактабларида мажбурий бўлади. 4 ёшга тўлган болалардан бошлаб ҳамма ўқувчи ушбу дарсга киради. Бироқ ота-оналарда фарзандларини ушбу дарсдан озод қилиши ҳуқуқи сақланиб қолинади.

Таълим вазири Жастин Гринингнинг айтишича, 4 ёшга кирган барча болалар хавфсиз ва соғлом алоқалар тўғрисида таълим олади.

Болалар маълум ёшга тўлганидан сўнг секс ҳақида ҳам ўқитила бошлайди. Бироқ ота-оналарнинг фарзандларини ушбу фанлардан озод қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Шу вақтгача жинсий алоқа дарслари фақатгина маҳаллий ҳокимиятлар томонидан таъминланадиган мактабларда мажбурий эди.

Ҳокимият қарамоғида бўлмаган академия ва бошқа бепул мактаблар миллий ўқув дастурига амал қилишга ва жинсий алоқалар фанини ўқитишга мажбурий эмас эди.

Ҳукумат қабул қилган чорлар бўйича, энди ушбу фанни ўқитиш туридан қатъи назар барча мактабларга мажбурий бўлади.

Маълум ёшга тўлганларга мўлжалланган дарсларда соғлом алоқалар нимани англатиши ҳамда секстинг(жинсий алоқаларга оид матнлар ва суратларни телефон орқали юбориш), онлайн порнография ва шилқимликнинг хавфларидан огоҳлантирилади.

Бошланғич мактабларда соғлом алоқалар қуриш ва хавфсиз қолишга эътибор қаратилади. Ўрта мактабларда эса жинсий алоқалар ҳақида маълумот берилади.

Англия таълим тизимга кўра, болалар 4 ёшдан 11 ёшгача бошланғич мактабларга боради. 11 ёшдан бошлаб ўрта мактабларда ўқийди.

Ҳукумат ўқувчиларга нима ўргатилиши ва қайси ёшдан бошлаб ўқитилиши борасида баҳслар ўтказади. Шу йилнинг охирида омма учун тушунтириш ишлари олиб борилади.

Таълим вазирлигининг айтишича, янги ўқув режаси 2019 йилнинг сентябридан бошлаб амал қилади.

Жастин Гренингнинг билдиришича, жинсий алоқалар фанига қўлланма 2000 йилда ёзилган ва бугунги кунга келиб талабга жавоб бермай қолган.

"Ушбу дарслик 17 йил давомида киберқўрқитиш, секстинг ва интернет хафвсизлиги тарқалган ҳолатлардан болаларни қутқара олмайди", - деган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳиссий ёндашув

Ота-оналарнинг фарзандларини жинсий алоқалар дарсига бермаслик ҳуқуқи сақланиб қолинади.

"Ушбу фанни қандай ўтиш борасида мактабларда эркинликлар сақланиб қолинади. Улар маҳаллий жамоатнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб дарсларни мослаштириши мумкин. Диний мактаблар эса ўз эътиқодидан келиб чиқиб таълим беришда давом этаверади", - деган Таълим вазири.

Янгилик мактаблар етакчиларининг бирлашмаси NAHT раҳбари Россел Ҳобби томонидан илиқ қарши олинган. У маълум ёшли ўқувчиларга мўлжалланган жинсий алоқалар фани ёшларни турли хавфлардан ҳимоя қилади, деган.

"Ёшларга жинсий алоқалар ҳақида таълим бериш жуда ҳам муҳим, бугун қабул қилинган ўзгаришлар эса бизни ушбу мақсадга янада яқинлаштиради".

Англия Черковининг таълим бўйича етакчи епископи Стефен Конвэй жинсий алоқалар фанини қўллаб-қувватлашини билдирган.

"Ҳатто бошланғич мактаб ўқувчилари ҳам хато туфайли онлайн порнографияни кўриб қолишдан, секстинг қурбонига айланишдан кафолатланмаган бир даврда биз шунчаки томошабин бўлиб қараб туролмаймиз. Биз бу ёвузликни кўра билишимиз ва унга қарши туришимиз керак", - деган у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Фожиа

Мактабларда хавфсизлик кампанияси ушбу ўзгаришларни "фожиа" дея талқин қилган.

"Ота-оналар фарзандларини бошланғич мактабларда ўқитилаётган жинсий фаоллик тақдимотидан ҳимоя қилишга ожизлик қилишмоқда. Ҳукумат болаларни ота-оналари амалга ошириши мумкин бўлган йўл билан ҳимоя қилолмайди. Ушбу дастур ота-оналарга болаларингга жинсий алоқадан сабоқ беролмайсизлар, демоқчи бўлаяпти", - деган кампания миллий координатори Антония Толли.

Таълим вазирлиги томонидан қабул қилинган дастур жинсий алоқалар фанини барча мактабларга мажбурий қилиш керак дея депутатлар, нодавлат ташкилотлари ва маҳаллий расмийлар иштирокида ўтказилган кенг миқёсли кампания ортидан қабул қилинди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ