Ишдан қолиш учун қалбаки бармоқ излари

қалбаки бармоқ изларидан фойдаланиш Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қувайт махсус хизматлари ишга бормаган ва ишда эканлигини кўрсатиш учун ҳамкасблари орқали силикон бармоқ изларидан фойдаланган 38 ходимга нисбатан иш очган. Давлат хизматчилари шу йўсинда биометрик текширув хизматини алдаган.

Маълум бўлишича, ўзини ишга боргандек кўрсатиш учун айрим ходимлари силикон орқали бармоқ излари нусхасини яратган. Ишхонадаги бошқа ҳамкасби орқали сохта "бармоқ"ни бериб юборишган.

Ходимларнинг ишхонага келганлигини текширувчи автоматик қурилмага сохта бармоқ излари қўйилган ва тизимда ходимнинг ишга келганлиги қайд этилган.

Ушбу тизим ходимларнинг юзини ҳам суратга туширишни талаб қилади. Бироқ ишга борганлигини сохталаштирганлар расмга тушмаган. Нима учун расм йўқлигининг тагига етмоқчи бўлган текширувчилар қалбакилаштириш тизимини фош қилган.

Қувайт давлат хизматларида мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисми ишлайди. Аксар қувайтликлар асосан хорижликлар банд қилган хусусий сектордан кўра, давлат ишларида фаолият юритишни афзал билади.

Қувайт ҳукумати ишга келмаслик ва "арвоҳ" ишчилар катта муаммо бўлган давлат секторидаги иш ўринларини ислоҳ қилишга ҳаракат қилмоқда. 2011 йил чиқарилган расмий ҳисоботга кўра, давлат хизматчиларининг фақат ярмигина ишга келган.

Ўтган йили кўрилган қаттиқ чоралар доирасида ҳукумат 900 ходимнинг маошини ишга келмагани учун тўхтатган. Бир ҳолатда ходим 10 йилдан кўпроқ вақт ишга келмаганига қарамасдан ойлик олиб юраверган.

Яна бир ходим иш берувчининг хабарисиз чет элда 1,5 йил юрган. У бошлиғига нима сабабдан хорижда яшагани борасида тушунтириб ҳам ўтирмаган.

Бироқ бу борада рекорд 23 йил ишга бормасдан маош олган ҳиндистонлик ўқитувчи томонидан ўрнатилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг