АҚШ визаси бор, аммо қўлга олинган

Мигрантларнинг норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қочқинларга кўмак Халқаро лойиҳаси ҳуқуқшунослари АҚШга кириш визалари мавжудлигига қарамасдан ушланган афғонистонлик оиланинг беш аъзосини озод этиш талаби билан петиция бошлаганлар.

Ўтган ҳафтада Лос-Анжелес аэропортига келиб қўнганидан кейин афғонистонлик эр-хотин ва уларнинг уч фарзанди ушланган. Оила бошлиғининг АҚШ армиясига ёрдам бергани, шу боис уларда Америка ҳарбийларига хатарли ишларда кўмак берган хорижий фуқароларга бериладиган махсус иммиграция визаси бўлгани хабар қилинган.

Хабар берилишича, эркак Калифорния штати ҳисбхоналаридан бирига, рафиқаси ва болалари эса Лос-Анжелесдаги меҳмонхонага жойлаштирилганлар.

Санта Ана округ судига йўлланган петицияда ёзилишича, Афғон оиласи бирор бир асоссиз ҳамда АҚШ конституциясига зад равишда қўлга олинган. Оила адвокатларидан бири Талиа Инлендернинг сўзларига кўра, махсус иммиграция визасига эга бўлган инсонлар билан шу пайтгача бундай ҳодиса ҳеч юз бермаган.

Президент Доналд Трамп ҳали сайловолди кампанияси пайти қудратга келса мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқлашга ваъда берган ва қасамёдга келтирилганидан кейин етти мусулмон мамлакати фуқароларининг Қўшма Штатлари ҳудудига киришини маън этувчи фармонни имзолаган. Бироқ Афғонистон бу етти мамлакат рўйхатига киритилмаган.

Бундан ташқари АҚШ федерал маҳкамалари Президент Трампнинг ушбу тақиқловчи фармони жорий этилишини тўхтатган. Президент Трамп маъмурияти эса мамлакат ҳудудига киришни чеклайдиган янги ҳужжатлар тайёрлаётганини маълум қилган.

2 март куни Тибетнинг футбол бўйича аёллар терма жамоаси аъзоларига АҚШ визаси бериш сўрови рад этилган.

Футболчи аёллар Техасдаги спорт мусобақасида қатнашишни режалаштирганлар.

Спортчи аёлларнинг сўзларига кўра, виза олиш мақсадида топширилган аризалардаги сафар мақсади АҚШ расмийларига маъқул келмагани сабабидан виза сўровига рад жавоби берилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.