Женерал Моторс Европани тарк этмоқда

PSA концерни автомобиллари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Франциянинг Пежо ва Цитроен ширкатларига эгалик қиладиган PSA автоконцерни Женерал Моторснинг Европа бўлимини 2,2 миллиард Еврога сотиб олган.

Бу General Motorsнинг Европадаги ишлаб чиқаришини тарк этиши деганидир.

АҚШдаги автогигант ҳисобланган Женерал Моторс 1920 йиллардан Европадаги ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиб келарди.

Шу пайтгача General Motors Europe Opel ва Vauxhall брендлари соҳиби ҳисобланарди.

Opel ҳамда Vauxhallга эгаликни қўлга киритиш билан PSA Европадаги иккинчи йирик автоконцернга айланади.

Ҳозир қитъадаги энг йирик ишлаб чиқарувчи Германиянинг Volkswagen ширкати саналади.

Икки йил илгари Volkswagen автомобилларидан чиқадиган заҳарли газлар миқдорини камайтириб кўрсатиб келгани боис катта жанжал остида қолганди.

PSA автоконцерни Opelни сотиб олишга қарор қилгани ҳақидаги илк хабарлар шу йил февралида тарқалган эди.

Автосаноат касаба уюшмалари ушбу битим Британиядаги Vauxhall заводидаги ишчилар сонини қисқартиришга олиб келади деган хавотирдалар.

Vauxhallнинг икки заводида 4,5 мингга яқин ишчи фаолият юритади.

Оpelнинг Германиядаги заводларида 35 минг ишчи банд.

Бироқ PSA автоконцерни раҳбари Карлос Тавареснинг айтишича, General Motors Opel ва Vauxhall ширкатлари ходимларига қандай ваъдалар берган бўлса, PSA ўша мажбуриятларга содиқ қолиш ниятида.

General Motors раҳбари Мэри Барра хонимнинг айтишича, энди Opel-Vauxhallнинг келажаги "беқиёс даражада муваффақиятли" бўлади.

Ушбу янгилик ортидан PSAнинг биржадаги акциялари нархи 2 фоиз қимматлаган.

General Motors 2008 йили Жанубий Кореяда иқтисодий мушкулликларга дуч келган ДЭУ ширкатидан Uz-DaewooAuto ширкатини сотиб олган ва GM Uzbekistan қўшма корхонасига асос солган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг