Украина Россияни халқаро судга берди

Украина ҳарбийлари Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Украина шарқида жанглар 2014 йил баҳоридан буён давом этмоқда.

Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамасида Украинанинг Россияга қарши даъвоси юзасидан суд жараёни бошланган.

Ўз даъвосида Украина Россияни Қримни халқаро қонунларга зид равишда аннексия қилиш ва бўлгинчи қуроллиларни ноқонуний молиялашда айблаган.

Украина ўз тупроғида "террорчилик амалларини содир этгани учун" Россиядан товон пули талаб қилмоқда.

Террорчилик амаллари деганда расмий Киев 2014 йил ёзида Малайзия авиаширкатининг MH17 учоғи уриб туширилганини ҳам назарда тутган, йўловчи учоқ уриб туширилгани оқибатида 298 инсон ҳаётдан кўз юмган эди.

Россия Украина шарқига ўз қўшинларини юборгани ёки қурол-яроғ билан ёрдам берганини мунтазам рад этиб келади.

Шунингдек, Малайзия учоғи уриб туширилишида қўли борлигини ҳам Россия инкор этади.

Аммо АҚШ ҳарбийларига кўра, Украина шарқида қуролли можаро бошланганидан буён минглаб Россия ҳарбийлари у ерга юборилганлар.

MH17 учоғи ҳалокати сабабларини ўрганган комиссия самолёт исёнчилар назорати остидаги ҳудуддан отилган Россияда ишлаб чиқарилган ракета билан уриб туширилган, деган хулосага келган.

Гаагадаги маҳкама тинглови бошланишида украиналик ҳуқуқшунослар Россияни "мамлакатнинг ҳар қандай жойида Украина фуқароларига ўзларини бехатар ҳис этишларини имконсиз қилишда" айбладилар.

Ҳуқушунослар суддан Россияни тўхтатиш ва тийилишга мажбур этишга чақирганлар.

Ушбу жиноят иши Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аксилтеррор ва аксилтаҳқир конвенциялари доирасида илгари сурилган.

Россия эса Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамасининг бундай ишни кўриб чиқишга ваколати бор-йўқлигини савол остига олишга қарор қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty
Image caption Ҳуқушунослар суддан Россияни тўхтатиш ва тийилишга мажбур этишга чақирганлар.

Украина томонига кўра, ўзини Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ Республикаси деб эълон қилган ҳудудлардаги қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаш билан Россия БМТнинг Террорчиларни молиялашга қаратилган битимини бузмоқда.

Шунингдек, Россия Қрим татарларига нисбатан ёмон муомалада бўлмоқда, Қрми Татарларининг Мажлиси фаолиятини ярим орол ҳудудида тақиқлаган.

Бу эса барча турдаги ирқий таҳқирлашларни йўқ қилишга қаратилган халқаро конвенцияга зиддир.

Россия эса Қримдаги русийзабон аҳолини камситишлардан ҳимоя қилиш мақсадида ярим оролни аннексия қилганини айтади.

Гаагадаги судда ҳам Украина тарафига ва ҳам Россия тарафига тўрт кун муҳлат берилиши кўзда тутилган.

Украина шарқида қуролли ҳаракатлар бошланганидан буён 10000 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар