Трампнинг янги фармони ҳам ғазаб билан қарши олинади

Трамп фармонига қарши норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Трампнинг дастлабки фармони катта норозиликларга сабаб бўлганди

Президент Доналд Трампнинг олти мамлакат фуқароларининг АҚШга киришларини тақиқловчи янги фармони ҳам инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро ҳамжамият томонидан ғазабнок кутиб олинади, демоқдалар кузатувчилар.

6 март куни Президент Трамп аҳолисининг аксарини мусулмонлар ташкил қиладиган Эрон, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Судан фуқароларининг АҚШ ҳудудига киришини 90 кунга тақиқлайдиган янги фармонни имзолаган.

АҚШ томонидан қочқинларни қабул қилиш дастури ҳам 120 кунга тўхтатиб турилади.

Президент Трампнинг янги фармонида суриялик қочқинларни қабул қилиш тўлиқ тақиқланиши ҳақида сўз бормайди.

Янги ҳужжатнинг 16 мартдан кучга кириши айтилган.

Мухбирларга кўра, ҳойнаҳой бу қадам Президент Трампнинг биринчи фармонидан кейин Америка аэропортларида юзага келганига ўхшаш тартибсизликлар олдини олиш мақсадини кўзлаган.

Ўзининг сайловолди дастурида мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқлашга ваъда берган Президент Трамп январ ойи охирида етти мамлакат фуқароларига тақиқни кўзда тутган фармонни имзолади.

Бу фармоннинг шу заҳоти кучга кириши хабар қилинди.

Бироқ федерал суд Трампнинг биринчи фармони ижросини тўхтатиб қўйди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Трампнинг фармони америкалик мусулмонларни ғазаблантирди.

Президент Трампнинг биринчи фармонида АҚШ Грин-картасини қўлга киритган мусулмон мамлакатлар фуқароларининг ҳам кириши тақиқланган эди.

Ҳолбуки, Грин-карта ўз соҳибига АҚШда доимий истиқомат қилиш ҳуқуқини беради.

Трампнинг ушбу фармони БМТ, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, ҳам АҚШ ва ҳам хориждаги арбоблар томонидан кескин танқидлар билан кутиб олинди.

Нью-Йоркдаги федерал округ суди АҚШ аэропортларидан АҚШ визаси бор мигрантларни чиқариб юбориш қарорига вақтинча тақиқ киритди.

4 феврал куни Сиэтлдаги Федерал суд Президент Доналд Трамп фармони ижросини буткул тўхтатиб қўйди.

Орадан бир ҳафта ўтиб Сан-Францискодаги Аппелляция суди қуйи маҳкама қарорини ўз кучида қолдирган эди.

Биринчи фармонга Ироқ ҳам киритилган эди.

Бу гал Оқ Уй вакилларига кўра, Ироқ расмийлари АҚШ визаси учун ариза топширган шахсларни текширишни кучайтирган ва Америка томони билан маълумот алмашишни фаоллаштирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ