ИШИД Қобулдаги ҳарбий шифохонага ҳужум қилди

Афғон ҳарбийлари тикучар билан шифохона томига қўнишган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шифокор кийимидаги жангарилар Қобулдаги энг катта ҳарбий шифохонага ҳужум қилган.

Жанглар бир неча соат давом этган.

ИШИД ўз зиммасига олган ушбу ҳужум оқибатида 30 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 50 дан зиёд киши яраланган.

Афғонистон махсус кучлари ҳужумга учраган Садор Дауд номидаги шифохона томига тикучар орқали қўнган ва жангариларга қарши амалиётларга киришган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Толибон ушбу ҳужумга масъул эмаслигини айтиб чиққан.

Президент Ашраф Ғани 400 ўринли шифохонага қилинган ҳужумни "бутун инсоний қадриятларни топташ" деб қоралаган.

"Барча динда шифохоналар ҳужумлардан ҳоли жой сифатида кўрилади, унга ҳужум қилиш бутун Афғонистонни нишонга олиш билан тенг", деган у.

Ҳужумлар маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9:00 да бошланган.

Жангарилардан бири шифохонанинг АҚШ элчихонасига яқин бўлган жанубий дарвозасини портлатган. унинг ортидан уч ҳужумчи бино ҳовлисига кирган.

Улар шифохонанинг 2чи ва 3 чи қаватларига кичик қуроллар ва гранаталар билан кириб боришган ва отишни бошлашган.

"Оқ халат кийиб олган худкуш ҳужумчининг менга қараб ўт очганини кўрдим. Мен зинадан сакраб тушдим, у ҳамкасбларимга қараб ўт очди", - дейди ҳужумлардан қутилиб қолган шифокор Абдул Қодир.

"Ҳужумчилар ҳалиям бинонинг ичида. Дуо қилинглар", - деб ёзган шифохонанинг яна бир ходими Facebook да.

Мудофаа вазири мулозимининг айтишича, ҳужумчилардан бири ўлдирилган, қолганлари зина ва ваннахоналарга яшириниб олган.

Беморлар бинодан чиқариб олинган. Камида 54 одам жароҳат олган, уларнинг аксарияти шифохона ходимлари эканлиги айтилмоқда.

ИШИД Афғонистонда 2015 йилдан бери фаоллаша бошлаган ва бир неча ҳужумларга жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Гуруҳ ўтган ой 22 кишининг умрига зомин бўлган Қобулдаги Олий маҳкамага қилинган худкушлик ҳужумини ўз бўйнига олган.

Гуруҳнинг Афғонистон ва Покистонда фаолият юритадиган Хуросон бўлими иики давлатда ҳам жанглар сонини орттирган.

Толибон ҳам Қобулда 16 киши ўлимига сабаб бўлган ҳужумни ўз зиммасига олган ва баҳорги ҳужумлари бошланганини эълон қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг