Исроил масжидларда овоз кучайтиргични чекламоқчи

Image caption Исроилда 2 миллионга яқин мусулмон араблар яшайди

Исроил парламенти- кнессет масжидларда овоз кучайтиргичлардант фойдаланишни чекловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган.

"Муаззанлар ҳақидаги қонун" номини олган лойиҳа парламент ва жамиятда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Қонун ташаббускорларига кўра, унинг мусулмонларнинг диний урф-одатларига алоқаси йўқ ва яҳудий ҳамда араблар ўртасидаги шундоқ ҳам мураккаб муносабатларга таъсир кўрсатмаслиги керак.

Уларнинг фикрича, гап жамоат тартиби ва масжидлардаги овоз кучайтиргичлар чиқарадиган шовқин даражаси ҳақида кетмоқда.

Ўз навбатида, қонунга қарши чиққанлар уни мусулмонларнинг асрлардан буён давом этиб келаётган анъаналарига қўпол равишда аралашув дея қоралашган.

Ҳозирги кунда Исроилда икки миллионга яқин араблар яшайди, бу Исроил аҳолисининг бешдан бир қисми дегани.

Уларнинг 80 фоизи мусулмонлар.

Исроил бўйича 450 дан ортиқ масжидлар фаолият олиб боради.

Зиддиятли қонун ташаббускорларидан бири асли ўзбекистонлик депутат Роберт Илатовдир.

Image caption Қонун ташаббускорларидан Рорберт Илатов (ўнгда) Ўзбекистонда туғилган.

"Исроил бизнинг уйимиз" партиясидан депутат бўлган Илатов қонун лойиҳасини парламентнинг қўшма мажлиси кун тартибига киритган.

Кнессетдаги мунозаралар чоғида Илатовга ҳамкасблари "Россияга қайтиб кетиш ва арабларнинг ҳаётига аралашмасликни" таклия қилганлар.

Араб депутат Аҳмад Тиби ва яна бир неча ҳамкасблари чоршанба куни кнессетнинг масжлислар залида норозилик намойиши ўтказишган.

Улар қонун лойиҳаси ёзилган қоғозларни парча-парча қилиб отганлар.

"Муаззиннинг овози ҳеч қачон осойишталикни бузишга кирмаган. Гап асрлар бўйи давом этиб келаётган муҳим диний анъана ҳақида бормоқда. Биз ҳеч қачон сизларнинг яҳудийча анъаналарингизга аралашмадик, аммо сизнинг ҳозирги қилаётган ишингиз Исломга қўпол равишда аралашув ва ирқчиликдан бошқа нарса эмас", - деб айтган кнессет депутати.

Ўзбекистон 1998 йилда масжидларда овоз кучайтиргичларни тақиқлаган жаҳондаги биринчи мусулмон давлати бўлган.

Аввалроқ бир гуруҳ мусулмонлар Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат этиб, ушбу чекловни олиб ташлашни сўрашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг