Мўсул қамоқхонаси яқинида оммавий қабр топилган

Мўсул учун жанглар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP GETTY IMAGES

Ироқ ҳарбийларининг хабар тарқатишларича, Мўсул шаҳрининг Бадуш қамоқхонаси яқинида 500 тача инсоннинг жасади қолдиқлари топилган.

Шиа жангчиларидан таркиб топган Ҳашд ал-Шааби кучлари вакилларининг сўзларига кўра, қурбонлар ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ жангарилари томонидан отиб ўлдирилган "тинч тутқунлар" бўлганлар.

ИШИД 2014 йил июнь ойида Мўсул шаҳри устидан назоратни қўлга олган пайтда аксари Шиа мусулмонлари бўлган 600 тача тутқунни ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалган.

Бадуш қамоқхонаси шу ҳафта бошида Ироқ ҳарбий кучлари томонидан қайта қўлга киритилган эди.

2014 йили инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Human Rights Watch ташкилоти ИШИД Мўсул қамоқхонасида сақланган айрим тутқунларни қатл этгани ҳақида ҳисобот тарқатган эди.

Тирик қолган тутқунларнинг сўзларига кўра, ИШИД Бадуш қамоқхонасини қўлга киритган пайтда у ерда 1500 тача тутқун сақланган.

ИШИД жангарилари ҳамма тутқунларни ташқарига чиқарган ва юк автомобилларига солиб Бадушдан икки километрча узоқликда чўл ўртасига олиб чиққанлар.

Human Rights Watch ҳисоботида айтилишича, ИШИД қуроллилари Шиа тутқунларни Сунний ва насроний тутқунлардан ажратганлар ва хандақ ёқасида тиз чўкиб ўтиришга мажбур қилганлар.

Шиа тутқунлар милтиқ ва автомат қуроллардан бошларига ёки орқаларига отилганлар.

Хандаққа қулаганидан кейин устига тушган жасадлар остида ўзини ўлган қилиб кўрсатиб ётган ва жангарилар кетганидан кейин у ердан чиққан инсонлар омон қолишга муваффақ бўлганлар ва Бадуш қамоқхонаси тутқунлари тақдири ҳақида ҳикоя қилиб берганлар.

Ироқ кучлари Мўсул шаҳрини ИШИДдан қайтариб олиш мақсадидаги ҳарбий амалиётларини ўтган йили октябр ойида бошлаган эди.

Мўсул шаҳрининг шарқий қисми январь ойида ИШИДдан қайтариб олинган эди.

Ироқ армияси Бадуш қамоқхонасини қайта қўлга киритгани ҳақида 8 март куни хабар тарқатган, бироқ бу баёнотда Бадуш ичида ИШИД томонидан ушлаб турилган одамлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Шу кунларда Мўсулнинг аҳоли зич яшайдиган ғарбий қисмида жанглар давом этаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар