БМТ: 2016 Сурия болалари учун энг ёмон йил бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2016 йили Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан буён энг кўп сондаги бола ҳаётдан кўз юмди, дейилади БМТнинг болалар жамғармаси UNICEF эълон қилган ҳисоботда.

Ўтган йили камида 652 нафар бола ҳалок бўлган, уларнинг 255 нафари ёки мактаб ичида ёки мактаби яқинида бўлганлар.

Бу 2015 йилда бу мамлакатда ҳалок бўлган гўдаклар сонидан 20 фоиз кўп деганидир, дея хулоса қилади ЮНИСЕФ.

Бу фақат ўлим тасдиқланган рақамлар бўлиб, аслида бундан ҳам кўп сондаги бола ҳаётдан кўз юмган бўлиши мумкин, дейди халқаро ташкилот.

Бундан ташқари яна юзлаб болалар агар дори-дармон ва тиббий кўмак бўлганида даволаш мумкин бўлган хасталиклардан вафот этганлар, дейилади БМТ ҳисоботида.

ЮНИСЕФ ҳисоботи Сурияда қуролли можаро бошланганининг олти йиллиги арафасида эълон қилинди.

Халқаро ташкилотга кўра, 2016 йили камида 851 нафар бола у ёки бу қуролли гуруҳ тарафида жангларда қатнашишга мажбур этилган.

Бу эса бир йил олдингига солиштирганда икки баравар кўп рақамдир.

Болалардан жаллод сифатида, худкуш ҳужумчи ёки қўриқчи сифатида фойдаланганлар, уруш жабҳасининг олдинги сафларида жанг қилишга ташланганлар.

Болалар бошидан ўтказаётган "азоб-уқубатларнинг чуқурлигини таққослаб бўлмайди» дея таъриф берган ЮНИСЕФ вакили Гирт Каппиляре.

"Суриядаги миллионлаб болалар ўзларининг кундалик ҳаётида ҳужумлар билан рўпара келмоқдалар", деб айтган ЮНИСЕФ минтақавий директори.

Бундан олдинроқ болаларни асраш халқаро ташкилоти - Save The Children Сурия болалари юзма-юз келган вазиятга "заҳарли стресс" деб таъриф берган, бу нарса келажакда уларнинг саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар, хусусан, руҳий хасталикларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар