Туркия ‘ишга киришди’

  • 14 Март 2017
Президент Эрдўған Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия Голландия ҳукуматига "жавоб берди": голланд элчисининг пойтахт Анқарага қайтишини маън этди, Голландия билан олий даражадаги сиёсий музокараларини тўхтатиб қўйди.

Бундан сал аввал Голландия ҳукумати турк вазирини ортга қайтариб юборган, унинг келаси ойга режаланган референдум арафасида ўз мамлакати ҳудудида кампания олиб боришига изн бермаганди.

Туркияда 16 апрель кунига режаланган референдум президент ваколатини кенгайтиришни кўзда тутади.

Оврўпода катта сондаги турклар истиқомат қилишади, Туркия ҳукумати эса, ўз вазирлари иштирокидаги митинглар билан уларнинг ёқловчи овозларини қўлга киритмоқчи.

Расмий Анқаранинг бу режаси кеча душанба куни Оврўпо Иттифоқининг қатор юқори мартабали мулозимлари томонидан танқидга тутилган.

Бунгача турк ҳукуматининг режаси Германия, Австрия ва Швейцарияда ҳам муваффақиятсизликка учраган.

Бунинг ортидан, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Голландия ва Германияни "нацизм"да айблаб чиққан.

Ҳам Туркия ва ҳам Голландия Натога аъзо давлатлар саналишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида бу икки давлат ўртасида мисли кўрилмаган "дипломатик инқироз" вужудга келган.

Германия канцлери Ангела Меркель эса, Голландия билан "бирдам" эканликларини айтиб чиққан. Уларни "тўлиқ қўллаб-қувватлашлари"ни билдирган.

Душанба куни Голландия Ташқи ишлар вазирлиги янги "дипломатик танглик"ни назарда тутиб, янги огоҳлик билан чиққан.

Туркия фуқароларини Голландияга сафар қиларкан, эҳтиёт бўлишга чақирган.

Голландияликларнинг ўзлари эса, чоршанба куни парламент сайловларида овоз беришади.

Сайловлар Голландияда муҳожирлик ва исломий радикализм билан боғлиқ хавотирлар кучайиб бораётган бир манзарада бўлиб ўтади.

Голланд Бош вазирининг баён қилишича, парламент сайловлари арафасида хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлари озмунча эмас.

Унга кўра, шу боис ҳам, Туркия ҳукуматининг Голландияда ўтказмоқчи бўлган митингларига изн беришмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг