Озарбайжонда Наврўз эврилишлари

Шўролар даври Озарбайжонида Наврўзга ҳеч қачон мутлақ тақиқ бўлмаган.

Оилалар ичкарисида доим бу байрам нишонланган: ширинликлар тайёрланган, шамлар ёқилган, буғдой ундирилган, тухумларга буёқ суртилган ва ҳатто оловдан сакраганлар.

Улар ҳар доим ушбу анъанани ўзлариники дея ҳисоблаганлар.

Image caption Озари болакай Наврўз ширинлиги ва рангларга бўялган тухумни бениҳоя севади

70 йиллик Шўро империяси даврида Қофқоз ва Марказий Осиёда ушбу қадимий анъанани эҳтиёткорлик билан нишонлаган одамлар ҳар доим бўлган.

Яқин йилларда Наврўз дабдаба билан кутиб олинаётган эса-да, унинг тарихи Озарбайжонда яхши тақиқ қилинмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ehtiram Jabi
Image caption Оташпарастликдан қолган одат - оловдан сакраш.

Коммунистлар ва Наврўз

Айрим даъволарга зид равишда Озарбайжонда Наврўз 1920 йил Қизил армия бостириб кириши билан тақиқланмаган.

1921 йил Озарбайжондаги "Коммунист" газетаси: "Наврўз байрамида мактаб болаларига Янги Йил совғалари улашилди", дея хабар берган.

Ўша йили баҳор келишига бағишланган концертлар ва саҳнали чиқишлар маҳаллий клублар ва театрларда намойиш этилган.

1925 йил Озарбайжондаги Шўролар ҳукумати Наврўзни 6 миллий байрамидан бири сифатида қайд этганди.

Аммо кўп ўтмай, Москвадаги қаттиққўл сиёсатчилар бу борада ўз қарашларини билдиришади.

Улар бутун мамлакат бўйлаб "фақат инқилобга оид байрамлар" ўтказишга чақиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 1920 йил, Бакуда тўпланган Шарқ Халқлари Конгресси вакиллари

Совет Иттифоқи бўйлаб Янги Йил январнинг биринчисидан белгиланган. Бу анъана бугунга қадар ҳам сақланиб қолган.

Этник руслар иттифоқ таркибида бўлган бошқа этник гуруҳлар қатори ўз миллий ва диний байрамларидан воз кечишга мажбурланган.

Календарда 1 май ва 7 ноябр каби инқилобий байрамлар муҳрланган.

Ниҳоят, 1929 йил Наврўз миллий байрамлар рўйхатидан олиб ташланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Library
Image caption Шўролар даврига ойид янги инқилобий анъаналарни тарғиб қилувчи плакат

Озарбайжонда "Худосизлар сиёсий уюшмаси" аъзолари ташкил қилинган ва унинг аъзолари кўчама-кўча юриб Наврўзни байрам қилаётганларни топиб, жазолашлари мумкин бўлган.

Кўпда одамлар омма олдида изза қилинган.

1937 йил Совет Иттифоқи конституцияси қабул қилиниши билан диний ва миллий байрамлар буткул тақиқланди. Ортидан йиллар давом этган қатағонлар бошланди.

Тақиқ 20 йил кучда қолди. 1953 йил Сталин вафоти ортидан барча миллий байрамларни қайта тиклаш учун норасмий изн берилди. Аммо оила ичида нишонлашгагина рухсат этилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Azerbaijan State Cinema Archive
Image caption Отлиқ аёллар 1969 йилги байрам тантаналарига етакчилик қилишмоқда

Ниҳоят, 1966 йил Москва Наврўз номини айтмаслик шарти билан байрам қилишга изн берди.

Совет матбуоти уни "Баҳор байрами" деб атади.

Бакуга қайтган Наврўз

Аммо қатор сабаблар билан Наврўз 1967 йилгача умумхалқ миқёсида байрам қилинмади.

Бу давр Озарбайжонда қатор фитна назариялари билан эсланади.

Озарбайжон билан бир қаторда Ўзбекистон ҳам Москвага мурожаат қилиб, Наврўзни оммавий нишонлашга рухсат сўраган.

Озарбайжон ва Ўзбекистондаги коммунист партиялар байрамни қайта тиклаш саъй-ҳаракатларига бош бўлишган.

Бакуда Наврўз 1928 йилдан бери илк бор 1967 йил нишонланганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Azerbaijan State Cinema Archive
Image caption "Spring maiden" procession during spring festival in Baku, 1967

Байрам маросимлари 20 март кунидан бошланган. От минган "Баҳор қизи" маросимда иштирок этган.

Аввал номаълум бўлган ушбу "қаҳрамон" Россия халқ оғзаки ижодидаги "Қор қизи"дан илҳомланиб яратилганди.

Озарбайжондаги коммунист партия байрамга изн бергани учун Москвага миннатдорчилигини шу йўл билан кўрсатишни истагани ҳақида гап-сўзлар ҳам юради.

Наврўз ва сиёсат

Баъзи кузатувчилар 1967 йил Наврўз байрамига расман рухсат берилиши Москва ташқи сиёсати билан боғлиқлигини айтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Azerbaijan State Cinema Archive
Image caption 1968 йил, Баку. Баҳор байрамини нишонлаётган одамлар

Бу вақтда Совет Иттифоқи Эрон билан яқин алоқаларни йўлга қўйишга уринаётган бўлган.

1966 йил Эрон шоҳи Совет ҳукумати билан қатор маданий ва савдо шартномаларини имзолаганди.

Бунинг ортидан Озарбайжон ва Эрон ўртасида маданий алоқалар ривожланиши Шўро раҳбарлари тарафидан ижобий қаршиланган.

Шунингдек, айни ҳолат НАТОга аъзо Туркиянинг туркийзабон Озарбайжон ва Марказий Осиёга таъсирига қарши деб ҳам кўрилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google
Image caption Шўро даври Озарбайжонида Наврўз тантанаси акс этган почта маркаси

Коммунист раҳбарлар эски удумларнинг тикланиши миллатчилик кайфиятларини уйғотиб юборишидан қўрқишган.

Ва қисқа вақтдан ўтиб, Наврўз тантаналари яна тўхтатилган.

МДҲ даги энг узун Наврўз таътили

Вазият Михаил Горбачёв қудратга келганидан кейин яна ўзгарди.

Унинг ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати Озарбайжон ва Марказий Осиёда Наврўзни оммавий байрам қилишга йўл очди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи *Guler*
Image caption Бакуда мустақилликдан кейин Наврўз тантаналари

1985 йилдан одамлар "Баҳор байрами" деган атамани тилга олмай қўйдилар ва очиқчасига Наврўз дейишни бошлашди.

Наврўз Ўзбекистон маҳаллаларида ҳам байрам қилина бошланди.

1991 йил Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Озарбайжон Наврўзни миллий байрам дея эълон қилди.

Марказий Осиёдаги Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳам Наврўзни Мустақиллик кунидан кейинги иккинчи катта байрам сифатида тан олувчи қарор чиқарди.

Image caption Баку марказида қад кўтарадиган яшил минора

Ҳозирда Наврўз муносабати билан Озарбайжонда 5 кун таътил берилади.

Бу МДҲ давлатларида энг узун Наврўз байрамидир. Тантаналар эса 10 кунгача давом этади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Наврўз мазмун-моҳияти ортиқча тижоратлашувдан азият чекмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг