Россия ўз паспорти билан империяни тикламоқчими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи vesti.ru
Image caption Путиннинг Россия паспорти тақдимотларига сиёсий тус берилган (Суратда: Владимир Путин ва Голливуд актёри Стивен Сигал)

Россия парламентига СССРда туғилган ҳар қандай шахсга ирқи, миллати ва тилидан қатъиназар Россия фуқаролигини бериш бўйича қонун лойиҳасининг киритилгани кўплаб ўзбекистонликлар орасида қизиқиш уйғотди.

Хабарларда айтилишича, "замин ҳуқуқи"га кўра, "собиқ СССР ва Россия империяси" ҳудудида туғилган шахслар учун Россия фуқаролигини олиш осонлаштирилади. Яъни бу билан собиқ СССР таркибидаги барча республикалар, хусусан Ўзбекистон фуқаролари ҳам кўзда тутилган.

Аммо, қонун лойиҳасини ўрганган Марказий Осиё бўйича москвалик мутахассис Сергей Абашиннинг Би-би-сига айтишича, лойиҳани матбуот нотўғри талқин қилган ва гап аслида фақат аждодлари Россия Федерацияси ҳудудида туғилган шасхлар ҳақида кетяпти.

"Бу қонун лойиҳасидан Марказий Осиё, Қофқоз, Болтиқбўйи, Молдова ва бошқа республикалар истисно қилинади, чунки уларнинг фуқаролари ота-боболари Россия ҳудудида истиқомат қилмаганлар. Бу ерда тушунмовчилик юз берган", - дейди у.

"Ишонинг, Россияда марказий осиёлик мигрантларга бўлган муносабатни кўриб турибсиз, ҳеч ким Марказий Осиё ё қофқозлик муҳожирларга бундай чорани таклиф қилмайди", - дея қўшимча қилади у.

Москвада фаолият юритувчи ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Баҳром Исмоиловнинг Би-би-сига айтишича, янги қонун лойиҳаси Россия паспортини олиш йўлида мавжуд бўлган қонунни осонлаштиришга интиляпти, холос.

"Қонун агар қабул қилинса, Россия фуқаролигини олишни истаган, масалан, Ўзбекистон фуқаролари эндиликда Ўзбекистон фуқаролигидан чиққанлигини исботлаши керак бўлмайди. Рус тили бўйича имтиҳон топширган шахсларга баъзи ҳолларда турли сабабларга кўра Ўзбекистон фуқаролигидан чиқа олмаслиги ёки Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилганлиги ҳақида справка берилмасди. Кўп МДҲ, хусусан Ўзбекистон фуқароларининг Россия паспортини олиш ҳаракатлари ана шу босқичда тўхтаб қоларди, чунки Россия тарафи бу справкани талаб қилиб келган. Энди эса Россия фуқаролигини олиш учун учинчи бир давлатнинг розилиги талаб қилинмайди", - дейди Исмоилов.

Империалистик сиёсат

Қонун лойиҳасида "империя" сўзининг қўлланиши ҳам баъзи таҳлилчиларни таажжубда қолдирди.

Аслида Россия Президенти Владимир Путин 2014 йил майида кучга кирган фармонида бу терминни аллақачон қўллаган. Ундан аввалроқ ҳам, сиёсий тортишувлар манзарасида Россия қўшни Грузия таркибидаги бўлгинчи республикаларнинг минглаб фуқароларини паспорт билан таъминлаган.

Айни қадам Россия танқидчилари томонидан эски империалистик ҳукмронликни қайта тиклаш режасининг бир қисми дея баҳоланганди.

"Истаган одам уни (паспортни) олиши мумкин, ва бу қадам Россия империясини қайта тиклаш йўлида қилинган. Бу формулага биноан, бир куннинг ўзида ҳамма Россия фуқаролари бўлиб қолиши мумкин, ва на Совет Иттифоқи ё бошқа нарсага ҳожат қолади", - деб айтганди сиёсатшунос ва Қофқоз масалалари бўйича эксперт Мамука Арешидзе.

Путин маъмуриятининг Грузия ва Украина билан уруши, Қримнинг қўшиб олиниши ва бошқа собиқ совет ўлкаларидаги миллий манфаатлари тобора кўп тилга олинаётган даврда, империалистик ҳиссиётларнинг жунбушга келтирилиши хавотирлими?

Баҳром Исмоилов бу фақат Россияга хос сиёсат эмаслигини айтади.

"Масалан, Буюк Британияни оладиган бўлсангиз, мен Лондонда бўла туриб собиқ мустамлака мамлакатлари, хусусан келиб чиқиши Ҳиндистон ва Бангладешдан бўлган кўплаб Британия фуқароларини кўрганман. Улар Британия империясининг мустамлакалари бўлган. Уларга британ паспортини беришни империалистик ҳаракат деб баҳолаб бўладими?"

Би-би-си: Улар миграция асосида Британияга келиб жойлашганлар ва муайян муддат яшагач паспорт олишга муваффақ бўлишган.

"Унда Фолькленд оролларидаги одамларга нега британ паспортлари берилган?"

Би-би-си: Чунки у ороллар қонунан Британияга тегишли. Ва, албатта, сиёсий сабаблар ҳам бор, чунки Аргентина билан можаро мавжуд.

"Бу ҳам балки шунга ўхшаш вазиятдир. Бу сайёрамизда афтидан бошқа янги нарса йўқ, балки бу ерда ҳам шунга ўхшаш қарашлардан келиб чиқилган", - дейди ҳуқуқшунос.

Сергей Абашин эса қонун лойиҳасидаги Россия империяси деган иборанинг мафкуравий қийматини камайтиришга уринади. Унинг фикрида, бу ерда оддий амалий усул қўлланган.

"Россия империясининг кўпгина яшовчилари, жумладан зодагонлар, инқилоб вақтида ё инқилобдан кейин Европа ва бошқа жойларга кўчиб кетганлар. Ана ўша одамлар Россия фуқаролигини ола олишлари учун "Россия империяси" ибораси қўлланган. 1917 йилдан кейин юз минглаб, миллионлаб одамлар Австралия, Америка ва Европага бош олиб кетганлар. Россия империяси уларнинг авлодлари учун эслатиляпти", - дейди Абашин.

Икки фуқаролик

Айни дамда янги қонун лойиҳаси икки фуқаролик каби мужмал масалани қанчалар осонлаштиришини вақт кўрсатади, чунки ҳозирги қонунчиликка кўра, агар ўзаро икки-томонлама келишув бўлмаса, Россия фуқаролигини олган шахс бошқа давлат фуқаролигидан воз кечиши керак.

Ўзбекистон икки фуқароликни тан олмайди, лекин тан олмаслиги иккинчи фуқаролик ман қилинганини англатмайди.

Ўзга давлат фуқаролигини олган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш Ўзбекистон қонунчилигида кўрсатилмаган, фақатгина Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш тартибини бажармаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.

Исмоиловга кўра, Ўзбекистонда бу тартибни эркинлаштириш режаланган, чунки кўплаб ўзбекистонликлар Европа, Россия, АҚШда фуқаролик олиб яшашади ва уларнинг "Ўзбекистонга ўз яқинларини кўриш учун сафар қилишларини осонлаштириш керак".

Аммо, Абашин икки фуқаролик ҳар қандай шахс учун кўплаб муаммоларни келтиришини айтади.

"Икки фуқаролик кўплаб мураккаб вазиятларни келтириб чиқаради. Масалан, кимдир Озарбайжон ва Россия фуқаролигига эга дейлик. Озарбайжон фуқароси армияда хизмат қилиши керак. Россия фуқароси ҳам армияда хизмат қилиши керак. Демак, икки фуқароликка эга шахс у ёқда ҳам, бу ёқда ҳам хизмат қилиши керакми? У қаерда солиқ тўлайди? Қаерда судга тортилади? Бу масалалар икки-томонлама келишувлар билан аниқлаштирилиши лозим", - дейди Абашин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+ - BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар