Париж аэропортида бир киши отиб ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Орли Франция пойтахтининг иккинчи энг йирик аэропортидир

Парижнинг Орли аэропортида бир эркак киши аскарнинг қуролини тортиб олмоқчи бўлган ва отиб ўлдирилган.

Аэропортнинг жанубий терминалидан одамлар қисман эвакуация қилинди.

Қўнган учоқлардаги йўловчиларга эса чиқишга рухсат берилмади.

Ҳозирда аэропорт қаттиқ хавфсизлик чоралари остида. Ҳужумчининг эҳтимолий шериклари қидирилмоқда.

Полиция ҳужумчида ҳудкушлик камари бор ё йўқлигини текширган, аммо ҳеч қандай портловчи модда топилмаган.

Париждан 13 чақирим жанубда жойлашган Орли Франция пойтахтининг иккинчи энг йирик аэропортидир.

Орлида самолётлар учиши ва қўниши ҳозирда тўхтатиб қўйилган.

Расмийларга кўра, ҳужумчи бинони қўриқлаётган бир гуруҳ аскарларга яқинлашган, сўнгра бирининг автоматини тортиб олиб, дўконда яширинишга уринган.

Бошқа аскарлар ўт очишган ва ҳужумчи ўлдирилган. Унинг бу ҳаракати ортида қандай сабаблар ётгани номаълум.

Шанба куни тонгда Париж шимолида полициячига ҳужум қилинган.

Полиция автомобилларни текшираётганида, ҳайдовчи зобитга ўт очган ва қочишга муваффақ бўлган.

Полиция ҳозирча бу икки ҳодиса ўртасида боғлиқлик борлигини кўрмаяпти, аммо Франция матбуоти хабар қилишича, гумондорнинг машинаси кўп ўтмай аэропортдан топилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар