FBI Россиянинг сайловларга аралашганини текширмоқда

  • 20 Март 2017
Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI) директори Жеймс Коми Россия ҳукуматининг 2016 йилги президентлик сайловларига аралашувига доир суриштирув ўтказилаётганини тасдиқлади.

Унинг маълум қилишича, ушбу суриштирувлар Трамп сайловолди кампанияси жамоаси ва Россия ҳукумати ўртасида алоқалар бўлиб-бўлмаганлиги ва Кремль ҳамда Трамп кампанияси ўртасида бирор мувофиқлаштириш бор ё йўқлигини текширган.

FBI ушбу муносабатларда жиноят аломатлари бор-йўқлигини ҳам текширади.

Доналд Трамп икки ўртада бирор келишув бўлганлигини кескин рад этади.

Россия томони ҳам АҚШдаги президентлик сайловларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилганлигини ҳар доим рад этиб келади.

FBI директори Конгресснинг камдан кам ҳолларда очиқ ўтказиладиган истиҳборот қўмитаси йиғилишида сўзлаган. Қўмита Россия ва Трамп кампанияси ўртасидаги алоқаларга доир суриштирув ишлари ҳам ўтказган.

Жеймс Коми суриштирув ишларини "жуда ҳам мураккаб" деган ва жамоатчиликка очиқ қилинмаган маълумотларни қўмита олдида ошкор сўзлай олмаслигини айтган. У суриштирувнинг қачон тугаши борасида бирор муддат ҳам айта олмаслигини билдирган.

"Бизни қаерга олиб боришидан қатъий назар фактларнинг ортидан борамиз", - деган у.

Истиҳборот қўмитаси олдида Миллий Хавфсизлик агентлиги (МХА) раҳбари адмирал Майк Рожерс ҳам ҳисобот берган.

У МХА январ ойида разведка хизмати чоп қилган ҳисоботлардаги хабарлар ростлигига ишонишини билдирган. Ҳисоботда Россия Президенти Владимир Путин Доналд Трампнинг сайловдаги рақиби Ҳиллари Клинтоннинг обрўсига путур етказувчи кампания олиб боргани айтилади.

Конгрес истиҳборот қўмитасининг Республикачилар партиясидан раиси Девин Нюнес Президент Трамп унинг Трамп минораси биноси эшитилгани тўғрисидаги иддоаларни рад этган.

Трамп шу ойнинг бошида Обама уни тинглашларини буюргани ҳақида твит ёзган эди.

"Аниқлаштириб олайлик. Трамп минорасини ҳеч ким тингламаганлиги бизга аён. Лекин шунга қарамасдан Трамп ва унинг жамоасига нисбатан бошқа кузатув воситалари қўлланилган бўлиш эҳтимоли мавжуд", - деган Девин Нюнес.

Айбловлар

АҚШ истиҳборот агентликлари Кремл қўлловидаги хакерлар Демократлар партияси раҳбарларининг электрон почтасини бузиб киргани ва Трамп Ҳиллари Клинтонни енгишда ёрдам бериш учун айрим маълумотларни ошкор қилганини айтиб чиқди.

Шундан бери Трамп сайловолди кампанияси жамоаси Россия расмийларига алоқаси борликда айбланиб келинади.

Девин Нюннес якшанба куни "шу тонггача қўлимга келиб тушган маълумотларнинг ҳаммаси Трамп кампанияси Россия алоқаси борлигига исбот бўла олмайди", - деди.

Миллий истиҳборот қўмитаси собиқ директори Жемс Клаппер январ ойида лавозимини тарк этгунга қадар икки ўртада алоқалар бўлганлиги ҳақида бирор далил кўрмаганини айтган.

Бироқ кўмитанинг Демократлар партиясидан раҳбари Адам Счиф у кўрган материаллар АҚШ фуқаролари сайловга таъсир ўтказиш мақсадида Россия билан тил бириктирганига исбот бўла олишини айтган.

Трамп маъмуриятининг икки катта мулозими Россия билан тил бириктирганликда айбланиб қўлга тушган. Президентнинг хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флин ва Бош прокурор Жеф Сешшинс.

Флин Россия элчиси билан миллий хавфсизлик маслаҳатчиси лавозимига ўтиришдан олдин мулоқот қилганини Оқ уйдан яширгани учун ўтган ой истеъфога чиққан эди.

У элчи Сергей Кисляк билан Россияга нисбатан АҚШ қўйган санкцияларни муҳокама қилганликдак айбланганди. Оддий фуқароларга АҚШ номидан музокаралар олиб бориш қонун билан тақиқланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.