Жонли: Британия парламент биноси олдида ҳужум

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Сўнгги янгиликлар:

Тошкент вақти билан 23:44 Лондон полициясининг маълум қилишича, ҳужум натижасида 4 киши ҳалок бўлган, 20 атрофида одам жароҳатланган. Полиция ҳужумчининг бир киши эканлигини айтмоқда.

Тошкент вақти билан -22:41

Би-би-сига маълум бўлишича, пичоқлаб кетилган полициячи ҳаётдан кўз юмган.

Тошкент вақти билан 21:30

Лондон марказидаги Вестминстер кўпригида рўй берган ҳужумда бир аёл ҳалок бўлган. Полиция воқеани "террор ҳодисаси" деб атамоқда.

Тошкент вақти билан -21:22

Лондонлик 44 ёшли гувоҳнинг айтишича, у кўприкдаги "ҳалокатдан кейинги вазиятни кўриб" даҳшатга тушган.

"Мен парламент ташқарисидаги панжарага келиб урилган машинани кўрдим. У ердан ўтаётганимда ерда бир киши ётарди. Атроф қон эди. Кейин ўқ овозларини эшитдим".

Би-би-си мухбири Элеанор Гарниерга кўра, Британия парламенти атрофида "полиция ҳозирлиги авваллари мисли кўрилмаган даражададир".

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Британия полицияси

Тошкент вақти билан -21:14

Темза дарёси лабида жойлашган London Eye карусели тўхталиб қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Лондон чархпалаги

************************************************************************************************************************************************************************

Британия парламент биноси олдида бир неча одам отишмага дуч келган. Камида тўрт одам жароҳатлангани айтилмоқда. Ҳодиса жойи полиция билан ўраб олинган. Полиция отишмага террор ҳужуми дея қарамоқда.

Дастлабки олинган хабарларга кўра, номаълум шахс пичоқ билан полицияга ҳужум қилган. Полициячининг ҳамкасблари ҳужум қилган шахсга қарата ўқ узган.

Шундан сўнг пичоқ кўтарган шахс Вестминстр саройи дарвозаси томонга югурган, унга уч марта ўқ узилган.

Парламент биноси олдида икки одамга тиббий ёрдам кўрсатилган. Бинога тез тиббий ёрдам машиналари етиб келган ва битта тиббий тикучар келиб қўнган.

Сиёсатчи ва журналистлар Twitter ижтимоий тармоғида парламент биноси ташқарисида ўқ овозлари эшитилганини ёзишган. Айрим манбаларда 10 дан ортиқ одамнинг жароҳатланганини айтмоқда.

Полиция ҳодисага изоҳ бермаган. Ким ўқ узгани ҳам номаълум. Британия парламенти фаолияти тўхтатилган ва бинога элтувчи йўллар полиция томонидан тўсиб қўйилган.

Бош вазир Тереза Мэйнинг хавфсиз жойда эканлиги айтилмоқда. Депутатлар парламент биноси ичида қолган.

Отишма вақти параламент биносида бўлган журналист Кевин Шофилднинг айтишича, ташқаридан гумбурлаган овоз эшитган ва ортидан бақир-чақир бошланган.

Журналист кимдир полицияга ҳужум қилганини ва қуролли одамни кўрганини айтган.

Шофилднинг қўшимча қилишича, шундан сўнг отишма бошланган, кўчада қуролли полиция кўринган. У парламент биносида кимгадир тиббий ёрдам кўрсатилаётганига ҳам гувоҳ бўлганини айтган.

Парламент биноси олдида отишма бошлангандан сўнг, бино ёнида жойлашган Вестминистр кўпригида автомобил 5 одамни уриб кетгани айтилмоқда.

Айрим гувоҳлар кўприкда камида 8 одамнинг жароҳат олиб ётганини кўрганини айтишган. Одамларни босган машина кўприкнинг иккинчи учига бориб урилган.

Машина уриб кетиш ҳолати отишмаларга алоқадор ё йўқлиги маълум эмас.