Британ полициячисининг энг сўнгги фотоси эълон қилинди

PC Keith Palmer va Staci Martin Фото муаллифлик ҳуқуқи Staci Martin

Британия парламентига уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган полиция ходими Кийт Палмернинг ҳаётлигидаги эсдаликка тушган энг сўнгги фотосурати Интернетда тарқалди.

Фотосурат АҚШдан Лондонга келган саёҳатчи Стэси Мартин томонидан олингани маълум бўлди.

Стэси Мартин Британия парламенти ҳовлиси дарвозасида қўриқчиликда турган полициячи Кийт Палмер билан ҳужумдан 45 дақиқача олдин бирга расмга тушган.

Ҳужумчи 52 ёшли Холид Маъсуд деб эълон қилинди.

Унинг Кент графлигидаги Дартфорд шаҳрида туғилгани, туғилганида Эдриан Элмс исм-шарифи берилгани хабар қилинди.

Шунингдек, у қатор қонунбузарликлар билан полицияга маълум бўлгани, ҳаёти давомида турли исм ва фамилиялар билан ўзини таништириб юрганидан полиция хабардор экани айтилди.

Ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ Лондондаги ҳужумларга ўзининг алоқадорлиги ҳақида баёнот тарқатди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи METROPOLITAN POLICE/FACEBOOK
Image caption Икки қурбон - Кийт Палмер ва Ойша Фрейд.

48 ёшли полиция ходими Кийт Палмер Вестминстердаги ҳужумда ҳалок бўлган тўрт инсондан бири бўлган.

Холид Маъсуд Лондондаги Парламент уйи яқинидаги Вестминстер кўпригида ўз машинасини йўловчилар устига ҳайдаган.

Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлган ва кўп кишилар жароҳатланган.

Сўнгра машина парламент биносининг панжарасига бориб урилган.

Пичоқ билан қуролланган ҳужумчи парламент томон югурган, аммо полиция унинг йўлини тўсишга уринган.

Қуролланмаган полиция зобити Кийт Палмер сўнг пичоқланган ва ўлдирилган.

Қуролли полициячилар парламентга киришга уринган ҳужумчини отиб ўлдирганлар.

Ушбу ҳужум ортидан Лондон ва Бирмингэмда уч аёл ва беш эркак ҳибсга олинган.

Ҳалок бўлган полициячи - 48 ёшли Кийт Палмер Парламент ва дипломатик корпусни қўриқлаш қўмондонлигида ишлаган. У 15 йил хизмат қилган, уйланган, фарзандли эди.

40 ёшларида бўлган Ойша Фрейд Лондондаги DLD коллежида ишлаган. Уни машина кўприкда уриб юборган, сўнгра касалхонада оламдан кўз юмган.

Полицияга кўра, 75 ёшдаги эркак киши ҳам шифохонадан ҳаётдан кўз юмган.

Полицияга кўра, 50 инсон жароҳатланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ