БМТ Мўсулдаги тинч аҳоли орасидаги талофатдан хавотирда

Mo'sul Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ироқ ҳукумат кучлари Мўсул шаҳрини ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳ қўлидан озод қилишга уринаркан, АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалиция кучлари амалга оширган ҳаво ҳужумлари 200 дан ортиқ тинч фуқаролар ўлимига олиб келгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти бунчалик кўп сондаги тинч аҳоли ўлимидан қаттиқ хавотир билдирган.

ИШИДдан Мўсул шаҳрини озод қилиш мақсадидаги жангларда Ироқ армиясини АҚШ ҳарбий учоқлари ҳаводан бомбардимонлар билан дастаклаб келмоқда.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, тинч фуқаролар ўлимига олиб келган ҳаво ҳужумлари устидан текшириш бошланган.

Би-би-си мухбирларига кўра, ҳаво ҳужумлари айнан қачон амалга оширилгани аниқ эмас.

Аммо Мўсул шаҳрининг ғарбий қисмида жойлашган Жадида мавзесида бўлган журналистлар 24 март куни вайроналар остидан 50 инсон жасади чиқариб олинганининг гувоҳи бўлганлар.

Бу инсонлар март ойи бошида қилинган бомбардимон қурбонлари бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Нью-Йорк Таймс рўзномасининг Ироқдаги АҚШ қўмондонлиги сўзчиси полковник Жозеф Скроккадан иқтибос келтиришича, 17 мартдан 23 мартгача қилинган ҳаво ҳужумлари тинч фуқаролар талофатига сабаб бўлгани ҳақидаги хабарлар текширилаяпти.

Ироқ ҳукумат кучлари ИШИДнинг Ироқдаги асосий қароргоҳи бўлган Мўсул шаҳрини озод қилиш мақсадида 2016 йил охирида ҳарбий амалиётларни бошлаган эди.

Шундан буён Мўсулда қақшатқич жанглар бормоқда.

БМТ тахминига кўра, Мўсулнинг Эски шаҳар қисмида 400 минг тинч фуқаро қамалиб қолган.

Ўтган ой шаҳарнинг ғарбий қисмидан 180 мингдан ортиқ оддий ироқлик қочиб чиқишга муваффақ бўлган, Мўсулда яна 320 минг атрофида тинч фуқаро қолиб кетмоқдалар деган хавотир бор.

ИШИД назоратидан қочиб чиққан инсонларнинг айтишларича, жангарилар оддий одамлардан қалқон сифатида фойдаланмоқдалар, оддий одамларнинг уйларида яшириниб, болаларни жангга киришга мажбурламоқдалар.

АҚШ расмийларининг ишонишларича, Мўсулда 2000 тача ИШИД жангариси қолган.