Мусулмон Ганжанинг насроний сағаналари

Сағана
Image caption Сағана барпо этиш анъанаси авлоддан авлодга ўтиб келаяпти

Озарбайжон Эрон, Россия ва Туркия ўртасида жойлашган ва 10 миллион аҳолиси бор мамлакатнинг аксарини мусулмонлар ташкил этади. Жаноза ва дафн маросимида одамлар мусулмон анъаналарига риоя қиладилар.

Аммо бир шаҳар аҳли ҳамон жасадни кўмишнинг насроний замонидан келадиган анъаналарини сақлаб қолганлар.

Қадимги шаҳар Ганжа Озарбайжон марказида жойлашган ва бу ерда ҳали ҳам ярми ер устида ва ярми ер остида қоладиган мақбара ва сағаналарни қуришда давом этмоқдалар.

Айрим мақбараларнинг ичига бутун бошли оила аъзолари кўмилганлар.

Бундай сағана ва мақбараларнинг аксари XIX асрга тегишли, лекин ҳозир ҳам янги сағаналар барпо этилаяпти.

Сағаналар ичида фарқни кўриш мумкин. Кимдир ўзининг қариндоши жасадини ерга кўмади, кимдир эса тош тобут ичида қолдиради.

Биз билан суҳбатлашган инсонларнинг айтишларича, бундай сағана барпо этиш анъанаси авлоддан-авлодга ўтиб келаяпти.

Шаҳардаги энг йирикларидан бири бўлган Бағман қабристони қаровчисининг айтишича, бу қабристоннинг ёши тахминан бир ярим мингни ташкил этади.

Қаровчининг айтишича, сағаналарнинг аксарининг баландлиги 1,8 метрни ташкил этади ва ер остига ҳам тахминан шунча киради.

Сағана эшиги қулфлаб қўйилади ва оилага янги ўлим келган вақтида бу эшик очилади.

"Авваллари жасадларни ерга кўмишмасди, шундоқ сағананинг ичида қолдиришарди, кейинроқ майитни ерга кўмадиган бўлишган", - дейди тарихчи Фариз Ҳалилли.

Унинг фикрича, майитларни ўз сағанасида дафн қилиш анъанаси насронийлик замонига, эрамизнинг 3 асрларига тўғри келади.

Ҳалиллининг айтишича, аксар шиа мусулмонлари ушбу анъанани диний нуқтаи-назардан сақлаб қолганлар.

"Кўплаб диндорлар ўз яқини жасадини сағананинг ичида қолдиришни илтимос қилганлар. Фақат суякларнинг ўзи қолганидан кейин майит суякларини Машҳад ёки Карбалодаги муқаддас жойларга олиб бориб дафн қилиш мақсадида шундай қилганлар"", - дейди тарихчи.

Ушбу анъанаа Озарбайжон СССРнинг таркибига киргунча давом этиб келган, ҳозир эса одамлар одат бўлиб қолгани учун буни давом эттиришмоқда.

Аммо бундай дафн маросими қимматга тушади. Маҳаллий кекса аёллардан бирининг сўзларига кўра, бундай сағананинг шу кеча-кундуздаги баҳоси 2-3 минг манатни(1,1-1,7 АҚШ долларини) ташкил этади.

Бошқа бир қабристонда икки ва уч эшиги бор сағаналарни кўриш мумкин. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бундай кўринишда дафн қилишдан мақсад, "улар ўлимларидан кейин бирга бўлишлари учун"дир.

Бошқа бир ганжилик бундай мақбара ва сағаналарга қарши эканини айтади. Ўлган инсон жасади ерга кўмилиши керак, дейди у.

"Ҳозирга келиб одамлар қишлоқларда ҳам ер сотиб олишаяпти, у ерда сағана қуришмоқчи. Агар шундай давом этаверса, бутун дунё улкан бир қабристонга айланади", дейди у.

Алоқадор мавзулар