Россия: Навальний 15 кунга қамалди

Алексей Навальний Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Алексей Навальний якшанба кунги аксилкоррупция намойиши пайти полицияга қаршилик қилган, деган айблов билан 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Россия мухолифат раҳбари - мамлакат бўйлаб ҳибсга олинган коррупцияга қарши юриш иштирокчиларидан энг таниқлиси.

Аслида, Алексей Навальний ушбу юришнинг асосий ташкилотчиси эди. Москвадаги маҳкама мухолифат раҳбарини тақиқланган намойишларни ташкиллаштиришда ҳам айблаган ва 20 минг рубль (360 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортган.

Кремлнинг айблашича, мухолифат одамларни Россия қонунларини бузишга раҳбатлантириб, зўравонликларга ундамоқда.

Ҳукумат вакилларига кўра,мухолифат вакиллари айрим ёшларга пул тўлаб, намойишга чиқаришган.

Алексей Навальний Бош вазир Дмитрий Медведевни коррупцияга алоқадорликда айблайди.

Айни шу иддаолар Россиянинг йирик шаҳарлари бўйлаб кўп минг кишилик намойишларга сабаб бўлган.

Москванинг ўзида расман 500 намойишчи ушланган. Аммо фаолларга кўра, якшанба куни мингдан зиёд одам қўлга олинганди.

Уларнинг камида 120 нафари ҳамон ҳибсда қолаётгани айтилади.

Ёшлар келажакдан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россиядаги охирги намойишларнинг ўзига хослиги - ёш қатнашчиларнинг кўплиги эди. Нафақат талабалар, балки ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам коррупцияни тўхтатиш ва порахўр амалдорларни жазолаш талаблари билан кўчаларга чиқишди.

Аммо Россия ҳукумати бу ёшларга пул тўлаб, намойишга чорлашган, деб айтдилар. Давлат телеканаллари эса ҳукумат мавқеини узатди, холос.

Ажабланарлиси, Владимир Путин бошқаруви остида, ватанпарварлик шиорлари билан улғайган ёш авлода якшанба куни намойишга чиқиб, "Путин - ўғри!" деб қичқиришарди.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам минглаб ёшларнинг кўчаларга чиқиши, мухолифатнинг ўрни неқадарлиги ва ижтимоий тармоқлардан қанчалик яхши фойдалана олишини кўрсатади.

Бошқалар нима дейди?

Европа Иттифоқига кўра, Россия полицияси амаллари одамларнинг ўз ва тинч йиғилиш эркинликларига тўсиқ бўлган.

ОИ баёнотида қўлга олинган барча намойишчиларни озод этиш талаб қилинади.

АҚШ эса Россия халқи ҳам бошқалар каби шаффоф ва ҳисоб берувчи ҳукуматга муносиблигини айтган. Шунингдек, Россияликлар кўрқмасдан ўз ҳуқуқларидан фойдалана олишлари ҳам таъминланишини зарурлиги таъкидланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ