Британия ЕИ дан чиқиш жараёнини бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EU
Image caption "Хат топширилди. "Брексит" бошланди", деб ёзган Дональд Туск.

Европа кенгаши раисига Британиянинг Лиссабон шартномасининг 50-моддасини ишга тушириши ҳақидаги расмий билдирги топширилди.

Бу Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш жараёни бошланганини англатади.

Бош вазир Тереза Мэйнинг Британия парламентида чиқиши кутилмоқда.

"Брексит" жараёни бошланганлигини Европа кенгаши раиси Дональд Туск ҳам тасдиқлаган.

"Хат топширилди. "Брексит" бошланди", деб ёзган Туск ўзининг Твиттердаги саҳифасида.

Аввалроқ Бош вазир Тереза Мэй мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиш жараёнини расман бошлаб берадиган мактубга имзо чекканди.

Расмий хат Брюсселда Европа кенгаши раисига топширилишидан бир неча дақиқа олдин Тереза Мэй парламентда баёнот билан чиқиб, Буюк Британия расман Европа Иттифоқини тарк этаётганини эълон қилди.

"Британия халқининг иродаси билан Бирлашган Қироллик Европа Иттифоқини тарк этмоқда", - деб айтган Мэй хоним.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Тереза Мэй британияликларни бирдамликка чақирди.

'Тарихий лаҳзалар'

Тереза Мэй ўз нутқида бугунги воқеларни тарихий онлар деб атаган.

"Бу бир тарихий лаҳза. Бундан сўнг орқага йўл бўлмайди. Британия Европа Иттифоқини тарк этмоқда. Биз ўз қарорларимиз ва ўз қонунларимизни ўзимиз қабул қиламиз. Биз кўпчилик учун муҳим жараёнларни назорат остига оламиз. Биз янада кучли ва адолатли Британияни барпо этиш имкониятидан фойдаланамиз. Фарзандларимиз ва набираларимиз ғурурланадиган ҳамда ўз уйи ҳисоблайдиган Британияни", - деб айтган Мэй.

Унинг баёнотига жавобан мухолифатдаги лейбористлар раҳбари Жереми Корбин ҳукуматни шошқалоқлик билан қадам қўймаслик ҳақида огоҳлантирган.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат "нафақат Тереза Мэйнинг партиядошлари, балки бутун мамлакатни эшитиши ва намоён эшитиши зарур".

У шунингдек, Бош вазирнинг қадамларини "хавфли" деб атаган.

"Сиз ЕИ билан келишувнинг йўқлиги ёмон келишувдан афзал, деб айтаяпсиз. Аммо ҳақиқий воқеълик шундан иборатки, келишув йўқлигининг ўзи ёмон келишувдир",- деб айтган Корбин.

Бугун Бош вазир қароргоҳи - "Даунинг-стрит 10" да "брексит"га қарши намойиш бўлиб ўтган.

Мэй парламентдаги нутқида "мен бу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тўғри бўлган битимни имзолаш йўлида қатъий ҳаракат қиламан" дея ваъда берган.

У шунингдек британияликларни бирдамликка чақирган.

Сешанба куни Мэй Дональд Туск, Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер ҳамда Германия канцлери Ангела Меркеллар билан телефон мулоқоти ўтказган.

29 апрелда ЕИ раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади, унда Британия иштирок этмайди.

Саммитда ЕИ раҳбарлари "брексит" бўйича музокаралар ўтказиш юзасидан мандатни тасдиқлашлари кутилади.

'Брексит'га йўл

Ўтган йил 23 июнидаги референдумда британияликларнинг 51,9% фоизи Европа Иттифоқидан чиқишни ёқлаб овоз берган.

Март ойида "брексит" ҳақидаги қонун парламент томонидан қабул қилинди ва қиролича уни маъқуллади.

Лиссабон шартномасига биноан, ЕИдан чиқиш ҳақидаги музокараларга икки йил кетади.

Музокаралар апрел-май ойида бошланиши кутилади.

Ҳар икки томон ўзаро келишган ҳолда бу муддатни узайтиришлари мумкин.

Музокараларнинг асосий мавзулари қонунчилик, савдо ва муҳожирлик бўлиши кутилади.

Жорий йилнинг февралида Британия ҳукумати ЕИдан чиқиш режасини эълон қилган.

Режага мувофиқ, Британия ЕИнинг умумий бозорини тарк этади ва иттифоқ билан савдо алоқалари учун янги божхона қоидаларини қабул қилади.

Британия шунингдек, Европа маҳкамасининг юрисдикциясидан чиқади ва муҳожирлар оқими устидан ўз назоратини ўрнатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг